Оилавий тадбиркорлик: иш ўринларини ўзимиз яратамиз

Аҳолиси 33 миллион нафардан ортиқни ташкил қиладиган Ўзбекистонда ишсизлик даражаси анча юқори. Аксарият ишчи кучи мамлакатни тарк этиб узоқ ва яқин хорижда меҳнат мигрантлари сифатида оила боқяпти. Расмий маълумотларга кўра, иқтисодий фаол аҳоли ўртасида ярим йилда ишсизлик даражаси 9,3 фоизни ташкил қилган. Бу ерда иқтисодий фаол аҳоли (14,6 миллион) ва иқтисодий нофаол аҳоли (4,2 миллион) орасидаги фарққа ҳам эътибор қаратиш лозим. Ҳукумат бундай вазиятнинг салмоқли ечими сифатида оилавий тадбиркорликни ривожлантириш масаласини кун тартибига қўйган. Оилавий тадбиркорлик тўғрисидаги қонун 6 йил аввал кучга кирган бўлсада, ҳукумат ҳамон уни такомиллаштириш ҳаракатида.

Аввалги вазият

(энг кичик бизнеснинг катта муаммолари)

Дастлаб мамлакат Қонунчилик палатаси томонидан 2012 йил 16 мартда “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни қабул қилинган эди. Аммо у ҳар қанча мукаммал бўлмасин, кутилган самара бермади. Нега? Негаки, унинг ижроси таъминланмади. Оилавий тадбиркорлик соҳасидаги муносабатларни тартибга солишни мақсад қилган қонун қоғоздагина савлат тўкиб турди.

Тошкент вилояти Янгийўл туманидаги “Эски қовунчи” қишлоқ фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи 42 ёшли Абдусаттор Ғаниев UzAnalytics.com сайтига шундай ҳикоя қилади:

– Менинг отам бир умр сартарошлик билан шуғулланиб келган. Собиқ Иттифоқ даврида уйимиз олдига бир кичкина ҳужрага ўхшаган иншоот барпо қилиб, ўз касби билан шуғулланган, қишлоқдош ва маҳалладошларнинг соч-соқолини олиб, оила тебратган. Мустақиллик даври бошлангандан сўнг, унинг фаолиятини текшир-текширлар, ҳужжат сўрашлар безовта қила бошлади. Тўғри, фаолиятнинг қонуний бўлгани яхши. Аммо қонуний ишлаш учун на ҳужжат расмийлаштириб бўларди, на бирор ерда малака ошириб бўларди. Отам ишини йиғиштирди, таксичиликка ўтиб кетди. 2006 йил мен унинг ишини давом эттирмоқчи бўлдим. Ўнлаб идораларга бориб, 30 тага яқин ҳужжат йиғдим. Бунинг учун 4 ойдан ортиқ вақтим кетди. Патент олиб, сартарошхонани таъмирлаб иш бошладим. Қани энди бемалол ишлай олсам. Кунда-кунора текшириш, хали солиқ, ҳали ёнғин бошқармаси, ҳали СЭН (Санитария- эпидемиалогия назорати). Хуллас, тишимни тишимга қўйиб ишладим. Солиқ ва турли тўловлардан ортган пулга аранг оила боқардим.

Ҳозир вазият қандай?

– Ўтган йили катта ўғлим Абдуолим коллежни битирди, – дея ҳикоясини давом эттиради Абдусаттор Ғаниев. – Ота-бола сартарошхонани кенгайтирдик, оилавий корхона сифатида давлат рўйхатидан ўтказдик. Хат-ҳужжатлар билан ўғлимнинг ўзи шуғулланди. Ёш, ўқимишли бўлгани учунми ёки ҳозир бунақа юмушлар осон кечадиган бўлдими, хуллас тез ва қисқа фурсатда барча ҳужжатларни тахт қилди. Банкдан кредит олиб, қўшимча жихозлар сотиб олдик. Назаримда, текшир-текширлар камайгандек, рўзғоримизга ҳам барака кириб қолди. Ҳозир қизим ҳам коллежнинг битирувчи курсида. Ўғлим синглисига ҳам шу сартарошхонамиз ёнидан бир кичикроқ тикув цехи қилиб беришни ўйлаб турибди.

“Ҳар бир оила –тадбиркор”

Мамлакат Президенти 2018 йил 8 июнь куни имзолаган “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастурини амалга ошириш тўғрисида”ги қарор ҳам оилавий тадбиркорлик, ҳунармандчилик, касаначилик ва бошқа тадбиркорлик фаолияти турларини кенг оммалаштириш, ҳар бир оиланинг барқарор даромад манбаига эга бўлиши учун шарт-шароитлар яратиш ва ишсизликка барҳам беришни мақсад қилган.

Режага кўра, дастур олис, табиий-иқлим шароити оғир ҳудудларда аҳолининг моддий шароитларини тубдан яхшилаш, турмуш тарзи сифати ва даражасини оширишга хизмат қилиши керак. Тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган аҳолининг ташаббусларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга имтиёзли кредитлар ажратиш ҳамда ишбилармонлик фаолиятини ташкил этиш ва амалга оширишда амалий ёрдам кўрсатилиш белгиланган.

Давлат статистика қўмитаси матбуот хизматининг маълумотларига кўра, 2018 йил 1 апрель ҳолатига юридик шахс сифатида давлат рўйхатидан ўтган оилавий корхоналар сони 13275 тани ташкил қилган. Уларнинг 12695 таси ёки 95,6 фоизи айни пайтда фаолият кўрсатмоқда.

Намунавий тарзда – Андижон вилояти

Дастур мамлакатимизнинг ҳар бир туман ва шаҳрида, энг аввало, олис ва табиий-иқлим шароити оғир ҳудудларда амалга оширилади. Ҳудудий даражада 10 июндан бошлаб намунавий тарзда Андижон вилоятининг туман ва шаҳарларида амалга оширила бошлади. Андижон мамлакатнинг аҳолиси энг зич истиқомат қиладиган ҳудуди ҳисобланади. Табиийки, ишсизлик даражаси ҳам вилоятда анча баланд – 9,9 фоиз.

Ҳудудий дастурни молиявий таъминлашга хорижий молия институтлари кредит линияларидан 200 млн. АҚШ доллари ажратилади. Маблағлар уларнинг салоҳияти, мурожаатларнинг асосланганлиги, лойиҳаларнинг истиқболи ва қўшимча иш ўринлари яратишга йўналтирилганлиги ҳамда ҳақиқий эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда Андижон вилояти тижорат банклари ва туманлар (шаҳарлар) кесимида тақсимланади. Улар, ўз навбатида, бўлажак тадбиркорларга маблағ ажратиб берадилар.

Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларида дастур уни амалга оширишнинг аниқ молиявий манбалари ва ҳисоб-китобларини назарда тутган ҳолда Вазирлар Маҳкамасининг қарори асосида амалга оширилади.

Адлия вазирлиги томонидан “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида кредитларни ажратиш тартиби тўғрисидаги низом рўйхатдан ўтказилди. Унга кўра, имтиёзли кредитлар қарз олувчиларга тадбиркорликни йўлга қўйиш ёки ривожлантириш мақсадлари учун ажратилади. Кредитлар илгари олинган кредитларни ёки ҳар қандай бошқа қарзларни қайтариш, алкоголь ва тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқариш, савдо-воситачиликни амалга ошириш, ишлаб чиқариш мақсадлари учун ишлатилмайдиган шахсий мулкни сотиб олиш, маъмурий харажатларни тўлаш, жумладан хизмат автомобиллари таъминоти, мебель, уяли телефон сотиб олиш, шунингдек алоқа хизматларига тўлов мақсадлари учун ажратилмайди.

Маҳалла – тадбиркорлар маскани

Олиб борилаётган сиёсат ўз сўзини айтаётгани мамлакатнинг барча ҳудудларида кўзга ташланмоқда. Фарғона туманининг Водил қишлоғи ёз фаслида узумзор, гулзор, мевазорга айланади. Қишлоқнинг Новкент маҳалласида бугун ўттиздан зиёд хонадон аъзолари ҳунармандчилик, касаначилик, тадбиркорлик билан шуғулланмоқда.

– Ўтган йили 2 сотих ерга иссиқхона қуриб, 12 туп лимон кўчати экдик, – дейди тадбиркор Қобилахон Мадёрова. – Бунинг учун банкдан 3,5 миллион сўм кредит олдик. Иссиқхона четига қурилган катакда товуқ парваришлаяпмиз. Қўни-қўшниларимизни, оила аъзоларимизни тухумга бўлган талабини қондиряпмиз. Жорий йилдан бошлаб иссиқхонада қўзиқорин етиштиряпмиз.

Оилавий тадбиркор Ғофур Жалилов товуқ катакларини ясайди

Водийнинг яна бир тумани Данғара маҳаллаларида ҳам тадбиркор, ҳунарманд, фермерликни ривожлантираётган оилалар жуда кўп.

– Тўлабой Махалла фуқаролар йиғинигага (МФЙ) қарашли Тўлабой, Ғиштхона қишлоқларимизда 4435 нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади, – деди тумандаги Тўлабой МФЙ раиси Иқболжон Усмонов. – 300 дан ортиқ хонадонларда аҳоли оилавий тадбиркорлик билан шуғулланади. Уларнинг ҳар бири ўз бизнесини, оилавий тадбиркорликни йўлга қўйган. Улар ишсиз юрганлар айрим ёшларни иш ўринлари билан таъминлашмоқда.

Наргизахон Қурбонова хонадонида “Афзал-текстиль” хусусий кичик корхонаси ташкил этди. Унда 55 нафар хотин-қизлар доимий иш билан банд бўлди. Чеварлар болалар, аёл ва эркаклар кийим-кечакларини тикишади. Ўзига яраша буюртмачилар бор. Маҳалла аҳолисини сут ва сут маҳсулотлари билан таъминлаш мақсадида Гулнорахон Маҳкамова сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш цехини барпо этди. Ҳудуддаги мактабгача таълим муассасалари, савдо дўконларини, якка-ёлғизлар ва кам таъминланган оилаларни сут маҳсулотига бўлган талабини қондирилмоқда.

Дилафруз Жалилова уй-рўзғор буюмларини ишлаб чиқаради

– Маҳаллада ишсиз юрган ёшларга имтиёзли 7 фоизли кредитлар ажратилиб, улар бу имкониятдан унумли фойдаланишга ҳаракт қилишмоқда, – дейди МФЙ мутахассиси Карима Жумабоева.

Расмий ҳужжатлар нима дейди?

Ўзбекистонда юқорида санаб ўтилган ҳужжатлардан ташқари, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги, “Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонунлар соҳани тартибга солиб туради. Дунёдаги тараққий этган давлатлар тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, қайси давлатда оилавий тадбиркорлик яхши ривожланса, шу давлат иқтисодиёти ҳам юксалиб бораверади. Масалан, Хитойда оилавий тадбиркорлик шу даражада ривожланганки, кўпчилик оилаларда қандайдир маҳсулот ишлаб чиқарилади ёки хизмат тури мавжуд.

Энг аввало, оилавий тадбиркорлик нима деган саволга жавоб топиш керак. “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги Қонунда унга шундай таъриф берилган:

«Оилавий тадбиркорлик бу оила аъзолари томонидан таваккал қилиб ва ўз мулкий жавобгарлиги остида даромад (фойда) олиш мақсадида амалга ошириладиган ташаббускорлик фаолиятидир. Тадбиркорликнинг ушбу йўналишининг ўзига хос жиҳатларидан бири шуки, у ўз иштирокчиларининг ихтиёрийлигига асосланади, шунингдек, юридик шахс ташкил этган ёки ташкил этмаган ҳолда амалга ошириш мумкин».

Оилавий тадбиркорликнинг бир қатор афзалликлари мавжуд:

-оилавий корхона ўз мулкига эга бўлиши, зиммасига мажбуриятлар олиши, судда даъвогар ва жавобгар бўлиши мумкин;

-оилавий корхона иштирокчилари устав фондини энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан паст бўлмаган миқдорда мустақил белгилашлари мумкин;

-оилавий корхона оила яшаб турган турар жойда фаолият юритиши ва ўзи ишлаб чиқарган маҳсулотни шу жойнинг ўзида сотиши мумкин.

Оилавий тадбиркорлик нега оқсамоқда?

Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида хусусий тадбиркорлик ва кичик бизнесни ривожлантириш йўлида тўлиқ эркинлик бериш, амалиётда “Халқ бой бўлса, давлат ҳам бой ва қудратли бўлади”, деган тамойил асосида ислоҳотлар бошланган.

– Мамлакатимизда айнан оилавий тадбиркорлик учун қулай шарт-шароит ва бу орқали янги иш жойлари яратишга эътибор ортди, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Соҳибжон Исмоилов. – Мисол учун, оилавий тадбиркорлик ҳамда ҳунармандчиликни ривожлантириш мақсадлари учун ўтган йили 367,2 млрд. сўм ажратилди. Ҳозирги кунда юртимизда 13 мингдан ортиқ оилавий корхоналар мавжуд. Лекин ҳудудлар кесимида ўрганганимизда, юридик мақомга эга оилавий тадбиркорлик субъектлари сонидаги кескин фарқларга гувоҳ бўламиз. Айрим ҳудудларда тегишли тартибда рўйхатдан ўтмаган ҳолда, ноқонуний тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган фуқаролар ҳалигача учрамоқда. Мазкур ҳолатларга одамларнинг оилавий тадбиркорлик субъектларига берилган қонуний имтиёзлар ҳамда қулайликлар ҳақида етарлича тушунчага эга эмасликлари сабаб бўлаяпти.

Оилавий тадбиркорлик: кўпроқ тадқиқотлар керак

Хорижий тажриба таҳлилининг кўрсатишича, иқтисодиётни ислоҳ қилиш ва аҳоли даромадларининг юқори даражасини таъминлашда оилавий тадбиркорликнинг аҳамияти ва роли муҳим ўринга эга.

Ҳозирги вақтда дунё мамлакатларида кичик бизнеснинг аксарият қисми оилавий корхона шаклида иш юритмоқда. Европа давлатлари ялпи миллий маҳсулотининг 40-50 фоизини, Осиё мамлакатларида 65 фоиздан 82 фоизгачасини, Лотин Америкасида 70 фоизга яқинини оилавий бизнес ишлаб чиқаради. АҚШ иқтисодиётида унинг улуши 95 фоиздан зиёд миқдорни ташкил этади. Иқтисоди ривожланган кўплаб мамлакатларда оилавий тадбиркорлик соҳасидаги тадқиқотларни олиб борувчи, унинг манфаатларини ҳимояловчи ва оилавий корхоналарнинг фаолият кўрсатиши борасида тажриба алмашиш учун мунозара майдонларини ташкил этувчи махсус бирлашмалар мавжуд. Бундай ёндашув аҳолини тадбиркорлик фаолиятига фаол жалб қилишни кенгайтириш, оилавий анъаналарни, оилавий тадбиркорлар сулоласини шакллантириш ва ривожлантириш имконини беради.


Манбалар:

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастурини амалга ошириш тўғрисида”ги қарори. 2018 йил 8 июнь. http://uza.uz/oz/documents/-ar-bir-oila-tadbirkor-dasturini-amalga-oshirish-t-risida-08-06-2018

2. УЙ ХЎЖАЛИКЛАРИДА БАНДЛИК МАСАЛАЛАРИНИ ЎРГАНИШ (социологик тадқиқот натижалари, июль-август 2018 йил).  https://www.mehnat.uz/upload/file/sotsiologik_tadqiqot_natijalari_(1).pdf

3. “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни. 2012 йил 16 март. http://lex.uz/acts/2004956

4. Қонун ижроси талаб даражасидами? http://uza.uz/oz/business/onun-izhrosi-talab-darazhasidami-16-06-2017

5. Оилавий тадбиркорлик вакиллари билан интервью

6. Оилавий тадбиркорлик салоҳиятини ошириш йўллари http://www.biznes-daily.uz/uz/component/content/article/54795-oilaviy-tadbirkorlik

Total
22
Shares

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*
*