“Қуёшли Ўзбекистон”: Ўзбекистонда муқобил энергия манбалари қай тарзда ривожланади?

Ўзбекистон 2025 йилга қадар умумий қиймати 5,3 миллиард доллар бўлган 810 та лойиҳани амалга оширади. Лойиҳалар орасида Ўзбекистоннинг 25 та энг йирик корхоналарида энергия сарфлашни камайтириш ҳам режалаштирилган.


Муқобил энергияга яшил чироқ

Ушбу юқоридаги рақамлар президент Шавкат Мирзиёев томонидан тасдиқланган “2021 йилгача қайта тикланадиган энергия манбааларини ривожлантириш дастури”да келтириб ўтилган.

Ўзбекистон қайта тикланадиган энергия манбаларининг мураккаб илмий асос талаб этиши ва қимматлигига қарамай, ушбу энергия турларини ривожлантиришга жиддий киришган. 2016 йилнинг апрель ойида Ўзбекистонда МДҲ ҳудудидаги биринчи энг йирик деб эълон қилинган қуёш электр станцияси ишга туширилди. 1,2 мегаватт қувватга эга мобиль қуёш электр станцияси Бирлашган Араб Амирликларининг ENESOL компанияси ёрдамида барпо этилди ва ишга туширилди. Янги станция Бухоро вилоятининг Қандим туманидаги Россиянинг “Лукойл” компаниясига тегишли газ конлари ва қурилиш объектларини электр энергияси билан таъминлаши зарур. Қуёш станциясининг қуввати 1,5 минг нафар киши истиқомат қиладиган аҳоли пунктини узлуксиз энергия билан таъминлайди.

2013 йил ноябрь ойида Ўзбекистоннинг ўша пайтдаги президенти Ислом Каримов Осиё қуёш энергияси форумининг олтинчи йиғилишида Ўзбекистон қуёш энергетикасини ривожлантиришга жиддий эътибор қаратиши тўғрисида маълум қилган эди. “Ҳисоб-китоблар шуни кўрсатмоқдаки, саноатнинг юқори даражада жадал ривожланиб бораётганини ҳисобга олган ҳолда, мамлакатимизнинг электр энергиясига бўлган талаби 2030 йилда жорий йилга нисбатан 2 баробар ошади ва 105 миллиарддан зиёд киловатт-соатни ташкил этади”, деган эди президент.

Ўзбекистонда ҳаво бир йилда 320 кундан зиёд очиқ бўлиб, мамлакат қуёш энергиясининг салоҳияти 51 миллиард тонна нефть эквивалентидан ортиқдир. Бу қуёш энергиясини турлича миқёсда ва ҳар хил мақсадларда – электр энергиясини ишлаб чиқариш, иссиқ сув таъминоти ва иситиш, қудуқлардаги сувни чучуклаштириш ва тортиб олиш, мева ва сабзавотларни қуритиш ва шу каби кўплаб мақсадлар учун қўллаш имконини берган бўларди.

Ўзбекистоннинг улкан қуёш ўчоғи

Тошкент вилоятида  Ўзбекистон  энергетика илм-фанининг  асосий  объектлари: “Физика-Қуёш институти”  ва “Улкан қуёш ўчоғи” жойлашган.  Бундай иншоотлар дунёда бор-йўғи иккита: бири Францияда иккинчиси эса Ўзбекистонда.

Физика-техника институти  1993 йил 4 ноябрда ташкил этилган.  Муассаса Марказий Осиё ҳудудида  физика ва техника бўйича  кенг кўламли  фундаментал  ва амалий изланишларни  амалга оширадиган илк академик институт ҳисобланади. У минтақада илм-фан ва техникани ривожлантириш билан боғлиқ  бир неча муҳим вазифаларни бажаради. Қуёш институтининг қурилиши  1981 йилда бошланиб, 1988 йилда муваффақиятли якунланган. Ўша йили 1000 кВт иссиқлик қуввати ишлаб чиқарадиган “Улкан қуёш ўчоғи”га эга  ноёб  оптик-кўзгули мажмуа фойдаланишга топширилади.

1993 йили мазкур  мажмуа  негизида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси  “Физика-Қуёш” илмий ишлаб чиқариш  бирлашмаси  таркибига кирадиган  Материалшунослик институти  ташкил этилади.  Унда юқори температурали  бирлашмаларнинг  синтези бўйича ноёб  ишланмалар олиб борилади.

Ҳозирда Материалшунослик институтида 163 нафар  илмий ходим меҳнат қилмоқда. Улардан бир нафари академик, уч нафари  директор ва  ўн тўрт нафари фан номзодларидир.

“Физика-Қуёш” илмий-ишлаб чиқариш бирлашмаси негизида Осиё тараққиёт банки билан ҳамкорликда 2013 йилнинг октябрь ойида Тошкентда Халқаро қуёш энергияси институти ташкил қилинди.

Ҳукумат янги қувватларни ташкил қилиш билан бир вақтнинг ўзида янгича энергиядан фойдаланиш соҳасини ривожлантиришни ҳам режалаштирган. Масалан, қишлоқ жойларда қуёш энергетикаси технологиялари қўлланган, юқори энергия самарадорлигига эга бўлган уй-жойларларни оммавий равишда қуриш, таълим ва тиббиёт муассасаларини қуёш коллекторлари билан таъминлаш кўзда тутилган. Яқин йиллар мобайнида асосан узоқ ва бориш қийин бўлган ҳудудлардаги 1300 та умумтаълим мактаблари ва касб-ҳунар коллежларини тажриба тариқасида қуёш коллекторлари билан таъминлаш режалаштирилмоқда. Қишлоқ жойлардаги 600 дан ортиқ врачлик пунктларида фотоэлектрик панеллар ва сув иситиш қуёш коллекторлари ўрнатилади.

Экспертлар фикрига кўра, 2025 йилга қадар Ўзбекистонда муқобил энергия манбаи 12,7 фоиздан 19,7 фоизга етиши керак. Муқобил энергия таркибида қуёш энергияси улуши 2,3 фоизга, шамол энергияси улуши эса 1,6 фоизга етади. Шунингдек, ишлаб чиқариш учун сарфланаётган энергия ҳисобидан ҳар йили 9,79 млн. тонна шартли ёнилғи миқдорида энергия тежаш кутилмоқда.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, қуёш иссиқлик қозонлари табиий газни ишлатишни 60 фоизгача камайтиради. Аниқроғи, кенг қўлланиладиган энергия манбаларига нисбатан 50-70 фоиз арзонга тушади. Бундан ташқари, нафақат қиш ойларида, балки йил давомида истеъмолчиларнинг иссиқ сувга бўлган эҳтиёжини қондириш учун бундай ускуналардан фойдаланиш юқори самара бериши амалда исботланган.

Яхши таклифлар – амалиётга

Аҳоли учун муқобил энергиядан фойдаланишнинг самарали механизмини яратиш мумкин. Бунинг учун яшил нарх-тариф қонунини амалга киритиш керак, бу энг фойдали ва самарали воситадир. Бу муқобил энергиядан фойдаланиб, электр энергия ишлаб чиқариш имконини беради. Бундай ҳолда, аҳолининг ўз уйида қуёш панеллари ва шамол генераторларини ўрнатиб электр энергия ишлаб чиқаришга мойиллиги ошади. Ўз эҳтиёжидан ортиқ электр энергияни эса сотиши мумкин.

Аммо шуни унутмаслик керакки, электр энергияни 100 фоиз муқобил энергиядан ишлаб чиқариш электр тизимдаги кучланишнинг ошишига олиб келади. Асосан газ ёқилғисидан фойдаланадиган Иссиқлик Электр Станцияларнинг (ИЭС) иш самарадорлиги 34 фоизни ташкил этади. Агар кўмирдан фойдаланса, станциянинг фойдали иш коэффициентини 45 фоизгача етказиш мумкин, аммо маҳаллий кўмир таркибида намлик даражаси юқори ва кул кўп. Бу кўмирга мос янги технологияни жорий қилиш ва самарадорлигини ошириш керак.

– Менимча, Ўзбекистон энергетикасида кўп ижобий ва самарали ҳар томонлама манфаатдор ишларни амалга оширса бўлади, масалан қиш ойларида Қирғизистон ва Тожикистондан электр энергия сотиб олиши керак ва аксинча ёз ойларида уларга сотиш керак, – дейди Германиянинг “Қуёш энергияси ассоциацияси” аъзоси, “Буюк келажак” эксперт кенгаши аъзоси Равшан Хўжанов. – Яқин тарихдан эслайман, бу қўшниларимиз билан доимо сув муаммоси бўлиб келган эди. Улар сувни электр энергияга бартер қилишни хоҳлашарди. Қиш давомида дарёлар тўлиб-тошиб оқарди, баҳорда бизга сув керак бўлган пайтда ёпиб қўйишарди. Ҳозирги ҳукуматимиз бу қўшнилар билан яхши алоқалар ўрнатиб, барча муаммоларни икки тарафлама манфаатли ижобий ечиб, халқлар манфаати учун хизмат қиладиган ишларни амалга оширди ва оширмоқда. Ўзаро манфаатли ҳамкорлик минтақадаги барча энергетика соҳасини ривожлантиришга ёрдам беради.

Мутахассис олимларнинг ҳисоблари бўйича, сайёрамизнинг шамол энергия потенциали жаҳонда ҳозир ишлатилаётган электр энергия ҳажмига нисбатан 30 маротаба катта. Бу ер юзасига яқин ҳаво қатламидаги, яъни 100 метр баландликкача шамол энергиясининг имконияти ҳисобланади. 100 метр ва ундан баландда шамол тезлиги кучли ва ундаги энергия берадиган шамол қувватининг имконияти янада катта. Ўзбекистон ҳам шамол ресурсларига бой ҳудудлардан ҳисобланади. Мутахассисларнинг ҳисоби бўйича республикамизда ер юзасига яқин ҳавода (10 метр баландликда) эсадиган шамолнинг электр энергия берадиган қуввати ҳозир мамлакатимизда бир йилда ишлаб чиқилаётган электр энергиянинг 25 фоизини ташкил қилади. Агарда 100 метр баландликкача шамолдан электр энергия олинса, ҳозирги жами ишлатилаётган электр энергияга нисбатан каттароқ миқдорда электр энергия олиш мумкин.

Ўзбекистоннинг шамол ресурслари харитаси

Битта оилани энг зарур электр энергия билан таъминлаш учун (ёритиш, телевизор, музлатгич, телефон зарядкаси) ўртача 1 кВт/соат электр энергия сарфланиши ҳисоблаб чиқилган. Ўзбекистоннинг шамол ресурсларининг энергия имкониятларини, тарқалишини ва қувватини ўрганиш бўйича Германиянинг Geo-Net ва Intec Сора компаниялари “Ўзбек-энерго” АЖ билан ҳамкорликда тадқиқот ишлари олиб боришди ва Geo-Net компанияси томонидан Ўзбекистоннинг шамол ресурслари харитаси тузилди.

Харита ер юзасидан 84 метр баландликдаги маълумотларга асосланади. Ушбу харитадаги маълумотлар бўйича шамол тезлиги 5,0 м/сек дан 6,5 м/сек ва ундан катта бўлган ҳудудлар мамлакатимиз умумий майдонининг 70-75 фоизини, шамол тезлиги 3,0 м/сек дан 5,0 м/сек гача бўлган ҳудудлар 20-25 фоизни ва шамол тезлиги 2,5 м/сек дан кам бўлган ҳудудлар 5 фоизга яқин ҳудудларни эгаллайди. Ушбу рақамлар республиканинг 95 фоиз ҳудудида шамол энергиясидан фойдаланиш мумкинлигини билдиради.

Мамлакат қонунчилигига кўра, муқобил энергия манбаларидан фойдаланадиган фуқароларга солиқ имтиёзлари берилган. Яъни,уй-жойларда амалдаги энергия ресурслари тармоқларидан тўлиқ узилган ҳолда муқобил энергия манбаларидан фойдаланадиган жисмоний шахсларни мол-мулк солиғи ва ер солиғидан озод қилиш кўринишидаги имтиёз мавжуд. Имтиёз муқобил энергия манбалари ўрнатилган ойдан бошлаб 3 йил муддатга тақдим этилади. Энергия таъминоти ташкилотларининг тегишли маълумотномаси имтиёзни қўллаш учун асос ҳисобланади.

Total
15
Shares

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*
*