Жорий йилнинг II чорагидан бошлаб Ўзбекистон Марказий банки иқтисодиёт реал сектори корхоналари орасида даврий (чораклик) сўров ўтказишни бошлади. Мазкур сўровни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад иқтисодиётнинг реал секторидаги ҳолатни ва ўзгаришларни мониторинг ва таҳлил қилиб бориш ҳамда Марказий банк пул-кредит сиёсатининг мамлакат иқтисодиётидаги жараёнлардаги кутилмаларни инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилишини ва амалга оширилишини таъминлаш ҳисобланади. Мамлакат банк соҳасининг бош мувофиқлаштирувчиси томонидан эълон қилинган ҳисоботда қайд этилишича, сўровнома шакли қатор хорижий марказий банклар, шу жумладан Россия Федерацияси Марказий банки, Қозоғистон Республикаси Миллий банки ва бошқа МДҲ давлатлари марказий банклари тажрибасини ўрганиш асосида ишлаб чиқилган.

Муаллиф: Навруз Мелибаев

Октябрь ойининг охирида МБ реал сектор корхоналари кузатувининг III чорак якунлари бўйича натижаларини тақдим қилди. Унда мамлакатнинг барча ҳудудларидан 432 та корхона иштирок этди. Мавжуд вазият ва иқтисодиётдаги ўзгаришлар ҳақида тўлақонли ахборот жамлаш мақсадида барча соҳалар бўйича респондент-корхоналар танлаб олинди. Ҳар бир соҳадан иккитадан кам бўлмаган миқдорда иштирокчи жалб этилди.

Иқтисодиёти реал секторида вазият бирмунча яхшиланган

Ўтказилган сўров натижалари III чорак чорак давомида мамлакатда иқтисодий фаоллик даражаси ошганлигини ҳамда иқтисодий кутилмаларининг яхшиланганлигини кўрсатди – 75 фоиз респондентлар иккинчи чорак билан таққослаганда иқтисодий аҳвол яхшиланганини таъкидладилар. Корхона ва ташкилотларнинг 65 фоизи маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва хизматлар ҳажмининг, 50 фоиз экспортёр корхоналар экспорт ҳажмининг ошганлигини қайд қилганлар.

Аммо, муаммолар ҳам йўқ эмас…

Сўров иштирокчилари вазиятнинг яхшиланганига қарамасдан иқтисодиётнинг реал секторида ишлаб чиқариш суръатлари ўсишига тўсқинлик қилаётган омилларни ва корхона ҳамда ташкилотлар фаолиятининг айрим кўрсаткичлари нисбатан пасайганлигини таъкидладилар.


Иқтисодиётда ишлаб чиқариш ва тадбиркорлик фаолиятини юритиш билан боғлиқ хатарларнинг (тўсиқлар, муаммолар) сақланиб қолаётганлигини маълум қилган респондентлар улуши III чоракда 48 фоизни ташкил қилди. Таққослаш учун, II чоракда бу кўрсаткич 40 фоиз бўлган эди. Мазкур индикатордаги фарқ 8 пунктдан ошгани иқтисодий шароит салбий томонга силжиганини кўрсатади.

Бундан ташқари, сўнгги сўров натижаларидан ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланишнинг паст даражаси сақланиб қолингани маълум бўлди. Масалан, респондент корхона ва ташкилотларнинг 60 фоизида ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш даражаси 80 фоиздан ҳам паст даражада. МБ ҳисоботида қайд этилишича, бу реал сектор корхоналари фаолиятининг иқтисодиётдаги ялпи талаб ўзгаришига етарлича мослашувчан эмаслигини англатади. Марказий банк мазкур холатни, импорт ҳажмининг сезиларли даражадаги ўсишининг ҳамда мамлакат ташқи савдо баланси салбий сальдосининг муҳим сабабларидан бири сифатида баҳолайди (импортнинг экспортдан ошиб кетиши).

Ишлаб чиқарувчилар маҳсулот нархини оширмоқдалар…

Ушбу сўровда маҳсулот ва хизматлар нархидаги ўзгаршлар ҳам ўрганилди. 54 фоиз респондент-корхоналар жорий чоракда ўз маҳсулотлари нархини оширганлари маълум бўлди (ўтган чоракда бундай корхоналар 38 фоизни ташкил қилган эди)


Сўров натижаларидан кўриниб турибдики, хом-ашё материаллар, электр энергияси, табиий газ ва бошқа ёқилғи маҳсулотлари нархлари ошиши ўсиш даражасининг асосий омили бўлган.

Иш ўринлари кам ташкил этилди, аммо иш ҳақи ошди

Сўров натижалари иккинчи чоракка нисбатан янги иш ўринлари кам яратилганидан далолат бермоқда. Респондентларнинг 37 фоизи бу борада ижобий ўзгаришлар кузатилаётганини таъкидлашган. Ўтган чоракда эса бу кўрсаткич 46 фоиз эди.

Учинчи чоракда иш ҳақларини оширган корхоналар сони ўсиб, 62 фоизни ташкил қилди, аввалги чоракда бу рақам 50 фоиз бўлган.

Реал сектор корхоналари 2019 йилда қандай бўлади?

Сўров натижаларига кўра, респондент корхона ва ташкилотларнинг 86 фоизи ишлаб чиқариш ҳажмларини 2018 йилга нисбатан оширмоқчи. Сўровда қатнашган экспортёр корхоналарнинг 82 фоизи экспорт ҳажмининг 2019 йилда жорий йилга нисбатан ошишини кутмоқда.

2019 йилда инфляция даражасига келсак, респондент корхона ва ташкилотларнинг 88 фоизи маҳсулот ва хизматлар нархларини 2018 йилга нисбатан оширишни режалаштирган.


Иқтисодиёт реал секторидаги вазият ҳақида батафсил маълумотга эга бўлишни истовчилар МБ сайтида ҳисоботнинг тўлиқ шакли билан танишишлари мумкин.

http://cbu.uz/upload/public1/so’rovnoma_natijalari_2018_3.pdf?fbclid=IwAR0-AQ_beLEFu9y5nNqyTU-rEozS40rJKmrO2jRnvmB2QYVtrK0z6i_tcC4

 

Total
11
Shares

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*
*