Кластерлар – аграр соҳанинг “локомотиви”

Муаллиф: Навруз Мелибаев

Фарғона вилоятининг Риштон туманидаги пахтачилик билан шуғулланадиган фермерлар бу йил алоҳида рағбатлантирувчи омилга эга. Бу йилги мавсум – экин экишдан тортиб ҳосил йиғиб олишгача бутунлай бошқача тарзда ташкил этилган: “Фермерлик аслида тадбиркорлик эканини тобора чуқур тушуниб етаяпмиз, – дейди “Рошидон даврони” фермер хўжалиги раҳбари Достонбек Матмусаев. – Пахта, ғалла режаларини ортиғи билан бажарсак-да, даромад кўрмаган пайтларимиз ҳам бўлган. Негаки, режа ортидан қувиб, сарф-харажат ҳақида ўйламасдик. Ҳозир қилган меҳнатга яраша даромад оладиган пайтимиз келди. Соҳада инновацион ғоялар асосида харажатни камайтириб, юқори ҳосил олиш учун мунтазам изланаяпмиз”.

“Рус Узбектекс” кластерида пахта етиштириш. Манба: uza.uz

Достонбекни бу йил қанақа омиллар ва инновацион ғоялар рағбатлантираяпти? Унинг фермаси “Рус Узбектекс” МЧЖ томонидан ташкиллаштирилган катта пахта кластериниг бир қисмига айланди. Ушбу кластер худди шунақа 332 та фермерларни, пахта тозалаш заводини ва пахтани қайта ишлаш ҳамда тайёр маҳсулотларни ишлаб чиқариш бўйича бир неча корхоналарни бирлаштиради. Агар илгари “Рус Узбектекс” МЧЖ фақат калава ип ишлаб чиқариш билан шуғулланган бўлса, эндиликда хомашё шу ернинг ўзида қайта ишлашнинг барча босқичидан ўтиб, экспортбоп тайёр маҳсулотга айланади: “Чунки инновацион кластер, бу – бир мажмуа доирасида бир жамоа бўлиб ерни шудгорлаш, чигит экиш, пахтани парваришлаш, ҳосилини йиғиб-териб олиш, хомашёни чуқур қайта ишлаш билан боғлиқ корхоналарни бирлаштирувчи ишлаб чиқариш услубидир” – дейди жамият директори Олимжон Олимов.

“Рус Узбектекс” кластерида калава ип ишлаб чиқариш. Манба: uza.uz

Ишлаб чиқариш кластери нима?

Умумий маънода, ишлаб чиқариш кластери иқтисодиётнинг бир хил ёки бир-бирига боғлиқ соҳаларида фаолият юритадиган ва географик жиҳатдан бир-бирига яқин бўлган корхоналар гуруҳидир. Бу корхоналарнинг технологик жиҳатдан ўзаро боғлиқ бўлиши жуда муҳимдир. Бундан ташқари, ушбу корхоналар битта умумий мақсад учун – рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқариш учун бирлашган.

Масалан, пахта-тўқимачилик кластерининг технологик занжири пахта хомашёсини ишлаб чиқариш, уни қайта ишлаш, пахта толасидан калава ип ишлаб чиқариш, газлама ишлаб чиқариш ва тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ўз ичига қамраб олади. Шу билан бирга, фермерларни (пахта хомашёсини етиштирувчиларни), пахта тозалаш заводини, пахтани қайта ишлаш корхонасини, тўқимачилик фабрикасини ва кийим-кечак ишлаб чиқарувчи корхонани бирлаштиришнинг мақсади – ҳар бир ишлаб чиқарувчининг харажатларини камайтирадиган ва якуний маҳсулотнинг рақобатбардошлигини оширадиган ягона тузилма яратишдир.

“Кластер” тушунчаси илк бор 1990 йилда Майкл Портер томонидан “Давлатларнинг рақобатдош афзаллиги” номли асарида келтирилган. 10 та саноат жиҳатдан ривожланган давлатларнинг ривожланиш тарихини таҳлил қилгач, Майкл Портер кластерларнинг пайдо бўлиши иқтисодий ривожланиш ва саноатлаштириш жараёни таркибининг ажралмас қисмидир деган фикрга келган. Шундай қилиб, кластер – ўзаро боғлиқ корхоналарни бирлаштиришнинг бир шакли бўлиб, бу ҳудуд иқтисодиётининг рақобатбардошлигини ошириш имконини беради. Ташкиллаштириш шакли жиҳатидан, кластер – вертикал равишда интеграцияланган тузилма дейиш мумкин.

Долзарб мавзу ва кластернинг афзаллиги

Кластер услубини қўллаш, айниқса бир-бири билан боғлиқ булган корхоналар мавжуд ҳудудлар учун катта ахамиятга эга. Кластерлар ҳудудларнинг иқтисодий мустақиллигини мустаҳкамлашда катта роль ўйнайди. Ушбу ёндашув иқтисодий жиҳатдан устувор тармоқлар ва лойиҳаларни аниқлаш имконини беради.

Ҳудудлар иқтисодиётининг ривожланишида кластерли ёндашувнинг асосий афзалликларидан бири – иқтисодий омилларнинг ролини кучайтириш ва маъмурий омилларнинг ролини камайтиришдан иборат. Ҳудудий маъмуриятларнинг роли фақат дастлабки босқичда юқоридир. Масалан, янги кластерларни ташкиллаштиришда, айнан шу ҳудуд манфаатларни ҳисобга олган ҳолда, истиқболли кластерларни танлашда ҳудуд маъмуриятининг роли юқори бўлади. Кейинчалик эса, ҳудудий маъмуриятларнинг роли камайиб боради ва бозор иқтисодиёти қонунлари ва омиллари олдинга планга чиқади. Худуд ҳокимиятларининг роли энг муҳим ва истиқболли кластерларни қўллаб-қувватлаш ва “ўйин қоидалари” ни тартибга солишдан иборат бўлади.

Совет Иттифоқи парчаланиб кетгач, Ўзбекистон пахтачилик соҳасидаги кўплаб ютуқлар билан бир қаторда анча жиддий комплекс муаммоларни ҳам мерос қилиб олди. Уларни ҳал этиш эса кўп вақт ва куч талаб этади. Асосий муаммолар орасида соҳанинг ўта юқори даражада тартибга солингани ва мажбурий меҳнат кабилар алоҳида ажралиб туради. Бир томондан, давлат томонидан соҳанинг юқори даражада тартибга солиниши уни ушбу маҳсулотни етиштиришнинг барча жараёнида имтиёзли кредитлаш, имтиёзли шартларда қишлоқ хўжалиги техникасига ёқилғи етказиб бериш каби кучли қўллаб-қувватлаш имконини беради. Аммо, бошқа томондан, мажбурий меҳнат элементларини мужассам этган “режалаштирилган” ёндашув фермерни пахта етиштиришга бўлган рағбатини сўндиради. Ҳосил йиғим-теримига мажбуран жалб этилган “кўнгиллилар” ҳақида эса гапирмаса ҳам бўлади.

Давлат имтиёзларини сақлаб қолиш билан бир қаторда, кластер услубини жорий этиш соҳанинг тартибга солинганлик даражасини, маҳаллий ҳукуматнинг пахта етиштириш жараёнига аралашувини камайтиради, унга фақат “ўйин қоида”ларини белгиловчи вазифасини юклайди, холос. Кластер аьзолари якуний натижага жамоавий равишда жавобгар бўладилар. Ҳар бир кластер иштирокчисининг, шу жумладан деҳқоннинг саьй-ҳаракати ушбу кооперативнинг якуний даромадини, демак, ҳар бир иштирокчининг даромадини белгилаб беради. Микро даражадаги иқтисодий тизимнинг элементи сифатида фермер харажатларини минималлаштириш ва даромадини максималлаштиришдан манфаатдор. Фермер учун рағбат манбаси ва мажбурий меҳнатни йўқ қилиш чораси мана шунда.

Агрокластер – тажриба сифатида

Сирдарё вилоятидаги Ўзбекистон-Британия қўшма корхонаси «Век cluster» МЧЖ агросаноат соҳасида биринчи кластер сифатида ташкил этилди. Ушбу лойиҳани амалга ошириш доирасида пахта ва бошқа экинларни етиштириш учун 18 минг гектар ер ажратилган. Пахта ва тўқимачилик фаолияти билан бир қаторда, ушбу кластер бошқа қишлоқ хўжалиги экинларни етиштириш, гўшт ва сут маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳамда уларни қайта ишлашга ихтисослашган. “Век cluster” МЧЖ ҚК тузилмасига пахта ва бошқа экинларни етиштириш учун фермер ва деҳқон хўжаликлари, ҳамда қуйидаги фаолиятлар юритадиган корхоналар киради:

  • пахтани қайта ишлаш;
  • ёғ-мой маҳсулотлари ишлаб чиқариш;
  • тўқимачилик корхоналари;
  • сут, гўшт ва тухум маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва уларни қайта ишлаш (чорва ва паррандачилик хўжаликлари);
  • қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш ва қайта ишлаш.

Лойиҳанинг умумий қиймати 165 миллион АҚШ долларини ташкил етади.

Сирдарё вилояти хокимияти маъсул давлат органлари билан биргаликда ирригация ва мелиорация тизимларининг мунтазам равишда тозалаб турилишини ва кластернинг ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун узлуксиз сув билан таъминлаб беради.

Давлат органлари томонидан қўллаб-қувватлаш ва имтиёзлар

Замонавий пахта-тўқимачилик кластерини ривожлантиришни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш учун Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган, ушбу кластер эҳтиёжлари учун олиб келинадиган ускуналар, махсус транспорт воситалари ва техника, ҳайвонлар ва ўсимликлар, ветеринария препаратлари, хом ашё ва материаллар, қурилиш моллари ва иссиқхона комплекслари 2022 йилнинг 1 январига қадар муддатда божхона тўловларидан озод қилинди.

Президент қарорига мувофиқ, қишлоқ хўжалиги техникасини лизинг бўйича харид қилиш, минерал ўғитлар, уруғликлар, ёқилғи мойлаш материаллари, ўсимликларни кимёвий ҳимоя қилиш воситалари ҳамда бошқа моддий ресурсларни етказиб беришда фермер хўжаликлари учун назарда тутилган шартлар ва тартиблар “Bek cluster” МЧЖ ҚКга нисбатан жорий этилди.

Бундан ташқари, ушбу кластер бир қатор солиқ имтиёзларига эга:

  • “Bek cluster” МЧЖ ҚК ўз таркибига кирувчи ташкилотларнинг сўмдаги маблағларини жамлаши ва бу маблағларни молия-хўжалик фаолиятини амалга ошириш ва ишлаб чиқаришни ривожлантириш учун улар ўртасида тақсимлаши мумкин;
  • “Bek cluster” МЧЖ ҚК ўз ташкилотлари ва улар ўртасида олинадиган ва топшириладиган ҳамда ўзлари ишлаб чиқарган маҳсулотни сотиш бўйича айланмалар билан боғлиқ бўлмаган пул маблағлари ва мол-мулк, шунингдек соф фойдани тақсимлаш солиққа тортиш объекти ҳисобланмайди;
  • “Bek cluster” МЧЖ ҚКнинг қишлоқ хўжалиги ташкилоти ягона ижтимоий тўловни кичик корхоналар учун белгиланган ставка бўйича тўлайди.

“Асака” банк ва бошқа тижорат банкларига “Bek cluster” МЧЖ ҚК ва унинг таркибига кирувчи ташкилотлар томонидан амалга оширилаётган инвестиция лойиҳаларини биргаликда молиялаштириш учун имтиёзли кредит линияларини ажратиш тавсия қилинди.

Деярли тўлиқ мустақиллик

Президент қарорига мувофиқ, “Bek cluster” МЧЖ ҚКга ва унинг таркибига кирувчи ташкилотларга, истисно тариқасида, ўзлари етиштирган маҳсулотни эркин тасарруф қилишга, нарх белгилаш сиёсатини ва маҳсулот сотиш ҳажмларини мустақил равишда белгилашга рухсат берилди. Бундан ташқари, “Bek cluster” қўшма корхонасига ҳудуд шароитларини ҳисобга олган холда, ғўзанинг селекция навларини мустақил равишда жойлаштириш, экинларни илмий асосланган тарзда алмашлаб экиш, сув ва ресурсларни тежайдиган технологияларни жорий этиш ҳуқуқи берилди.

Марказий Осиёда кластер услуби қишлоқ хўжалиги соҳасида муваффақиятли қўлланилганми?

Жорий йилнинг январь ойи охирида Қозоғистоннинг барча вилоятларидан фермерлар гўшт маҳсулотлари етиштиришга ихтисослашган кластер тажрибасини ўрганиш учун ушбу давлатнинг Актўбе вилоятига йиғилишди. Мазкур йиғилишга нафақат фермерлар, балки вилоят раҳбарлари, мамлакатнинг йирик қишлоқ хўжалик корхоналарининг раҳбарлари ҳам ташриф буюришди. Бу тадбирда қатнашган ҳар бир иштирокчининг мақсади “Актеп” МЧЖ негизида ташкил этилган ижобий натижалар курсатган агрокластер фаолиятини ўрганиш эди. Ушбу корхона 2012 йилдан буён чорвачилик ва гўшт маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича фаолият юритиб келмоқда, 11 минг бош қорамол учун ем-хашак, 7200 тонна гўшт маҳсулотларини ишлаб чиқариш қувватига. Бугунги кунда ушбу кластер бутун вилоят бўйича 350 фермер хўжаликларини бирлаштиради. Бунақа ҳамкорлик нафақат “Актеп” МЧЖ учун, балки оддий фермерлар учун ҳам жуда фойдали ва самарлидир.

“Актеп” кластерида тажриба ўрганиш. Манба: zakon.kz

Тадбирда кластер иштирокчилари бўлмиш фермер хўжаликлари раҳбарлари мехмонларга кластер доирасидаги ҳамкорлик тажрибаси ҳақида сўзлаб беришди.

“Биз 2012 йилдан буён “Актеп” корхонаси билан кластер доирасида ҳамкорлик қиламиз. Биз бу вақт мобайнида 3000 тонна пичан, 200 бошдан ортиқ қорамол етказиб бердик. Сўнгги йилларда наслли қорамол ижараси ва қишлоқ хўжалик техникаси лизинги учун янги лойиҳалар ва дастурлар жорий етилди. Ушбу дастурлар биз учун катта миқдордаги молиявий ресурсларни жалб қилмасдан, фаолиятимизни кенгайтиришга, наслли қорамолларни кўпайтиришга имкон беради. Бу кичик фермер хўжаликлари учун жуда самаралидир” – деди “Қизилжар” фермер хўжалиги раҳбари.

“Актеп” кластеридаги чорвачилик. Манба: zakon.kz

“Бизнинг хўжалигимиз чорвачилик билан шуғулланади. Биз маҳсулотимизни “Актеп” когхонасига тирик вазнда топширамиз. Корхона тез, навбатсиз тарзда ва яхши нархларда сотиб олади, пулни қисқа вақт ичида банкдаги ҳисобимизга ўтказиб беради. Авваллари ўзимиз бозорга бориб, харидорларни излашга ва кўпинча арзон нархларда сотишга мажбур булганмиз. Эндликда бу муаммо бутунлай ҳал бўлди. Шунингдек, наслли чорвачиликни ривожлантиришда ҳам ҳамкорлик қиламиз: биз “Абердин-Ангус” буқаларини “Актеп”дан ижарага оламиз. Бу зотдаги буқаларнинг ёши 10-11 ойга тўлгунга қадар 350-400 кг тирик вазнга етади”, – деди “Қаршага” фермер хўжалиги раҳбари.

“Актеп” кластерида гўшт маҳсулотларини ишлаб чиқариш. Манба: zakon.kz

Меҳмонлар орасида Қозоғистон қишлоқ хўжалиги вазири ҳам бор еди. Вазир чорвачилик ва гўшт маҳсулотларига ихтисослашган кластернинг юқори самарадорлигини қайд етди. Унинг фикрига кўра, фермерлар бунақа кластерларга бирлаштирилганда, юқори иқтисодий натижаларга горизонтал интеграллашган ҳамкорлик орқали эришиш мумкин:”… Актепга ёрдам бериш орқали биз у билан ҳамкорликда бўлган кичик фермер хўжаликларига ёрдам берамиз. Ўйлайманки, биз айнан шу йўлдан боришимиз керак”, – деди вазир.

Пахта кластерлари – соҳани жадал ривожлантиришнинг “локомотиви”

Биринчи агрокластер ташкил этилганидан бир неча ой ўтиб, жорий йилнинг январ ойида республикамиз ҳукумати ушбу амалиётни пахта саноатига кенг кўламли тадбиқ этишга қарор қилди. Тахминан бир хил шарт-шароитларда, жумладан, биринчи агрокластерга берилган солиқ имтиёзларида, давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, фаолиятдаги мустақиллик ва бошқа шунга ухшаш шартларда, республиканинг барча ҳудудларида 16 та пахта-тўқимачилик кластерлари ташкил этилди. Бу кластерлар тармоғи мамлакатимизнинг барча ҳудудларини қамраб олди – ҳар бир вилоятда ва Қорақалпоғистонда бир ёки иккита кластер ташкил етилди. Ҳар бир пахта-тўқимачилик кластерига 3,5 мингдан 18 минг гектаргача ер ажратилди. Йўналишнинг етакчиси ҳисобланган «Bek cluster» қўшма корхонаси билан бирга ҳисоблаганда 17 та пахта кластерига ажратилган ер майдони 140 901 гектарни ташкил етди.

Жорий йилнинг март ойида, 17 та пахта-тўқимачилик кластерлари худуларида жойлашган 13 та пахта тозалаш заводлари ва 68 та пахта тайёрлаш пунктлари 5 йил муддатга бўлиб тўлаш шарти билан баҳолаш қийматида ушбу кластерларга берилди.

Бундан ташқари, пахта-тўқимачилик кластерлари пахта саноатини ривожлантириш ва қўллаб-кувватлаш учун белгиланган бир қанча имтиёзларга эга, жумладан:

  • фермер хўжаликларига пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришининг тегишли ташкилотчилари томонидан контрактация шартномасида назарда тутилган миқдорларда ва шартлар асосида аванс берилади;
  • пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариши ташкилотчилари пахта хом ашёсини етиштириш ва уларга етказиб беришни молиялаштириш учун Молия вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан кредитлар ажратилади;
  • пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариши ташкилотчиларига кредитлар Жамғарма маблағлари ҳисобидан йилига 3% дан ортиқ бўлмаган ставкаси бўйича ажратилади.

Келгуси йилда ҳам кластерлар имтиёзли шартларда молиялаштириладими?

Президент Шавкат Мирзиёевнинг сўзларига кўра, жорий йилда пахта-тўқимачилик кластерларига берилган барча имтиёзларни кейинги йилларда ташкил этиладиган кластерларга ҳам татбиқ этиш,  кластерлар фаолиятини янада кенгайтириш зарур. 12-сентябр куни давлат раҳбари томонидан ўтказилган йиғилишда президент бу тизимни янада кенгайтириш мақсадида, ишлаб чиқариш қувватлари ва молиявий имконияти мавжуд бўлган қўшимча 44 та ташаббускор танлаб олинганини айтиб ўтди. 2019 йилда жами бўлиб 61 та кластер томонидан пахта майдонларининг 51% да пахта етиштириш режалаштирилмоқда. Янги қувватларни ташкил этиш ва кластерлар фаолиятини йўлга қўйиш натижасида, 2019 йилда ишлаб чиқарилаётган пахта толасининг 78 фоизи мамлакатимизда қайта ишланади. Бу 2017 йилга нисбатан 2 маротаба кўп дегани. 2020 йилга бориб, пахта толасини тўлиқ қайта ишлашга ўтилади. Тайёр маҳсулотларни ишлаб чиқариш улуши 40 фоиздан камида 60 фоизга етказилади.

Total
7
Shares

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*
*