Бугунги кунда Ўзбекистон иқтисодий тараққиётни жадаллаштириш мақсадида қатор ислоҳотларни амалга оширмоқда. Маълумки, иқтисодий юксалишга қараб, энергия истеъмоли ҳам ўсиб боради. Ўзбекистон режалаштирилаётган ўсишни таъминлаш мақсадида энергиянинг диверсификация манбалари, жумладан атом энергетикасини ривожлантириш ниятида. Эҳтимол, бу энергетика соҳасида минтақавий кооперацияга ҳам ёрдам берар.

Энергетика ресурслари

Ўзбекистон табиий газ заҳиралари ва уни ишлаб чиқариш бўйича дунёда саккизинчи ўринни эгаллайди. Гарчи мамлакат газга бўлган ички талабни тўла қондириб, табиий бойликнинг 20% ни экспорт қилсада, ҳукумат газ экспортини оширишни ва ички эҳтиёжни қисқартиришни режалаштирмоқда.

Ўзбекистон шунингдек, нефть заҳираларига ҳам эга. Бироқ мамлакатда 2006 йилдан 2016 йилгача нефть ишлаб чиқариш ҳажми икки баравар камайди.

Ўзбекистон аҳолиси 100% электр таъминотига эга бўлсада, республикада электр энергиясидан барқарор фойдаланилади, деб бўлмайди. Иссиқлик электр станциялари (ИЭС) Ўзбекистон энергетика тизимининг асоси бўлиб, республикада ишлаб чиқариладиган электр энергиясининг қарийб 86% и ушбу станцияларда ишлаб чиқарилади. 14% электр энергияси Гидроэлектр станиялари (ГЭС) электр энергиясини 14% ишлаб чикаради холос. ИЭСларда асосан газ (94%) ва кўмир (5%) бирламчи ёқилғи сифатида ишлатилади.

Бугунги кунда Ўзбекистонда электр энергиясини ишлаб чиқариш ўзгарувчан ҳолатда. 2017 йилда республикада 60.7 миллиард кВт соат электр энергияси ишлаб чиқарилган, ваҳоланки умумий ўрнатилган қувватлар 14.1 гигаватт электр энергиясини ишлаб чиқаришга мўлжалланган.

Айни пайтда 2006-2017 йиллар давомида электр энергиясига бўлган эҳтиёж деярли 25%га ўсган (2006 йилда 49.3 млрд кВт.соатдан 2017 йилда 60.7 млрд кВт\соатгача). Экспертларнинг маълумотларига кўра, 2020 йилга келиб, республикада электр энергиясига бўлган талаб 71.8 млрд. кВт.соатни ташкил этади. Бу 2017 йилда ишлаб чиқарилган электр энергияси ҳажмидан 18% кўпдир.

Ўзбекистон ўзининг географик жойлашуви ва иқлим шароитлари туфайли салмоқли даражада қуёш ва шамол энергияси заҳирасига эга. Мамлакат вилоятларига қараб қуёшли кунлар йилига 2650 дан 3050 соатгача давом этади. Қуёш энергиясининг ялпи салоҳияти йилига 525 млрд. кВт.соатдан 760 млрд. кВт. соатгача деб баҳоланади. Ўзбекистон шамол энергияси учун ўрнатилган ускуналар қуввати 520 гигаваттдан ортиқ бўлиб, улар йилига 1 триллион кВт.соатдан ортиқ электр энергияси ишлаб чиқариш имкониятига эга. “Ўзбекэнерго” акциядорлик жамиятидан олинган маълумотларга кўра, 2021 йилгача республикада умумий қуввати 402 МВт бўлган ва йилига 830 млн кВт.соат электр энергияси ишлаб чиқарадиган учта қуёш фото электр станцияси ва битта шамол электр станциясини ишга тушириш режалаштирилган.

Диверсификациялаш ва оптималлаштириш

Мамлакат тобора ўсиб бораётган талабни қондириш учун энергия тармоғидаги ишлаб чиқариш қувватларини муттасил ошириб бориши ёки четдан харид қиладиган электр энергияси ҳажмини кўпайтириши керак. Бу эса, ҳозирги шароитда энергетика хавфсизлигига доимо ҳам ижобий таъсир кўрсатавермайди. Маълумки, Ўзбекистон ҳозирги қувватлари билан ҳам, Қирғизистондан энергияни импорт қилади. Бундан ташқари, мамлакат 1,1 трлн. куб метрдан иборат исботланган табиий газ заҳирасига эгалигига қарамай, унинг заҳиралари чегараланган. Нефть ишлаб чиқаришнинг қисқариши билан муқобил энергия манбаларини ривожлантириш, мавжуд манбаларни тиклаш ҳамда энергетика тармоғини бошқариш жараёнини модернизация қилиш зарурати ҳам пайдо бўлмоқда. Бугунги кунда Ўзбекистон энергетика тармоғи бутунлай монополияга айлантирилган. 2001 йилда Энергетика ва электрлаштириш вазирлиги Ўзбекэнерго давлат акциядорлик компаниясига ўзгартирилди. Ўзбекэнерго Вазирлар маҳкамасига тўла бўйсунади, молия вазирлиги эса электр энергияси учун тарифларни ўрнатади. Экспертларнинг фикрича, Ўзбекэнерго компаниясини қайта тузмасдан туриб, Ўзбекистон энергетика тармоғини ривожлантириб бўлмайди. Бунда ишлаб чиқаришнинг айрим босқичларига рақобат элементини жорий этиш, энергетика тармоғида банд бўлган инсон капиталини ошириш ҳамда менеджмент ва бизнес-жараёнларни ўзгартириш керак.

Иккинчи томондан, эскирган инфратузилма энергия тизимларини ортиқча ишлатишга олиб келмоқда, бу эса, қишлоқ аҳолисининг электр энергиясидан фойдаланиш ҳолатига маълум даражада таъсир кўрсатмоқда. Аҳолининг электр энергияси истеъмоли ҳажми йил сайин ошиб бормоқда. Ҳозирги кунда умумий электр энергияси истеъмолида аҳоли томонидан истеъмол қилинадиган энергиянинг улуши 25%ни ташкил этмоқда. Электр энергиясини ишлаб чиқарувчи инфратузилмаларнинг аксарияти 40 йилдан буён фаолият юритади. Улар ночор аҳволда бўлиб, янгиланиши керак. Осиё тараққиёти банкининг маълумотларига кўра, 1991 йилдан буён ИЭС қувватларини кенгайтириш бўйича фақат иккита лойиҳа амалга оширилган. Булар Сирдарё ИЭС ни тиклаш ва Толимаржон ИЭС ни қуриш лойиҳаларидир. Ўзбекистон инфратузилмани модернизация қилиш ва янги қувватларни қуриш бўйича мамлакатнинг сув хўжалиги объектларида 2017 йилдан бошлаб 32 та, 2020 йилдан кейин 42 та “истиқболли” инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни режалаштирган. Лойиҳаларнинг умумий қиймати тахминан 4,3 миллиард АҚШ долларини ташкил этиб, маблағнинг 43%и хорижий сармоя ва Хитойнинг Эксимбанк, Осиё тараққиёти банки, Осиё инфратузилма инветициялари банки, Ислом тараққиёти банки, Халқаро тараққиёт уюшмасининг кредитлари бўлади. 2021 йилга келиб, янги ГЭСларни барпо этиш ҳисобига ишлаб чиқариш қувватларини 4.8 бараварга, амалдагиларини модернизация қилиш орқали эса, фақат 14%га ошириш кўзда тутилган. Аслида, электр энергияси ишлаб чиқариш янги ГЭСлар қурилиши тугагунча, амалдаги станциялар модернизациясига боғлиқ бўлади. Модернизация имкониятларининг кам бўлиши эса, маълум хавфларни пайдо қилади.

Янги “тинч” энергия

Ўзбекистон уран заҳирасига эга мамлакатлар қаторига киради. Маълумотларга кўра, мамлакат дунёдаги уран заҳирасининг қарийб 4%га эгалик қилади. Бу ердаги 20 та конлар ва 10 та истиқболли майдонлар уран ишлаб чиқаришнинг асосий минерал хомашё базаси ҳисобланади. Шу муносабат билан 2017 йил 29 декабрда Ўзбекистон ҳукумати Россия билан тинч мақсадларда атом энергиясидан фойдаланиш соҳасида Ҳамкорлик битимини тузди. Мазкур ҳужжатда “Миллий инфратузилмани яратиш ва такомиллаштириш ҳамда кадрларни тайёрлаш, мамлакатда АЭС ва тадқиқот реакторларини қуриш, шунингдек уларни бутун цикл давомида қўллаб-қувватлаш, Ўзбекистон минерал-хомашё базасини ўрганиш бўйича уран конларини қидириш ва ўзлаштириш, уран моддасини сақлаш бўйича махсус жойларни асл ҳолатига қайтариш, радиофаол изотопларни ишлаб чиқариш ва уларни саноатда, тиббиёт ҳамда қишлоқ хўжалигида қўллаш, бошқа илмий тадқиқотлар ўтказиш” кўзда тутилган.

Россия ҳукумати Ўзбекистонга 2.5 гигаватт электр энергиясини ишлаб чиқариш қувватига эга иккита замонавий блокдан АЭС барпо этишни таклиф этди. Айни пайтда Россия Ўзбекистонга мазкур АЭС қурилишини молиялаштириш бўйича давлат кредитидан тортиб, Build-Own-Operate (давлат-хусусий шериклиги схемаси асосида молиялаштириш) схемасигача бўлган бир нечта таклифларни ҳам маълум қилди.

Яқинда Тошкентга ташриф буюрган Россиянинг “Росатом” давлат корпорацияси бош директори Алексей Лихачев Ўзбекистон ҳукумати Россияга Навоий вилоятида АЭС қуришни таклиф этганини маълум қилди. Уран қазиб олиш, уни қайта ишлаш ва экспорт қилиш бўйича мамлакат монополияси бўлган Навоий тоғ-кон металлургия комбинати ҳам шу ерда жойлашган. Уч йил аввал Lenta.ru сайти АЭС реакторларни совутиш учун сув етказиб берадиган Айдаркул (Навоий ва Жиззах вилоятлари чегарасидаги йирик ва оқмас кўл) атрофида қурилади, деб маълум қилган эди. Бундан ташқари станциянинг бундай жойлашуви аҳоли сони кўплиги бўйича биринчи ўнталикка кирувчи шаҳарлар – Тошкент, Бухоро ва Самарқандни арзон электр энергияси билан таъминлаш имконини ҳам беради.

Лихачев жорий йилнинг бошида Sputnik радиосига берган интервьюсида Ўзбекистон учун бундай лойиҳанинг иқтисодий ва сиёсий самаралари ҳақида гапириб ўтди: энергетика мажмуасининг диверсификация қилиниши, қурилишда 5-6 минг иш ўринларининг яратилиши ҳамда станция ишга тушганида 1,5 мингдан 2 минггача бўлган “юқори ҳақ тўланадиган ва юқори технологияли” иш ўринларининг яратилиши шулар жумласидандир. Бош директорнинг фикрича, энергия ишлаб чиқаришни ошириш ички энергия таъминоти ҳажмини диверсификация қилибгина қолмасдан, катта миқдордаги газ ҳисобидан мамлакатнинг экспорт даромадини кўпайтириш имконини ҳам беради. “Янги станцияда ишлаб чиқариладиган электр энергияси эса, шубҳасиз қўшни мамлакатларга экспорт қилиниши ҳам мумкин”, – дейди «Росатом» раҳбари.

“Росатом” АЭС барпо этувчи дунёдаги етакчи корпорациялардан ҳисобланади ва Туркия, Беларусь, Эрон, Миср, Ҳиндистон, Венгрия, Бангладеш, Хитой каби давлатларда 33 та шундай энергоблокларни қуради.

Минтақавий кооперация

Гарчи Қозоғистон ҳам (Шарқий Қозоғистон вилоятининг Курчатов ва Балхаш шаҳарларида) иккита АЭС қуриш бўйича “Росатом” корпорацияси билан ҳамкорлик қилишни режалаштираётган бўлсада, Ўзбекистон Марказий Осиёда ўз атом электр стнциясига эга биринчи мамлакат бўлиши мумкин.

Галия Ибрагимованинг “Марказий Осиёда атом энергетикаси: истиқболли соҳами?” мавзуидаги тадқиқотларида келтирилганидек, Марказий Осиёдаги уран заҳираси, илмий-тадқиқот атом реакторларидан фойдаланиш бўйича орттирилган тажриба, энг асосийси республикаларнинг урандан юқори технологияли, демакки қимматбаҳо маҳсулот ишлаб чиқариш мумкинлигини англаб етгани – минтақада атом энергетикасини ривожлантиришда асос бўлади.

Қозоғистон сўнгги 10 йил ичида уран қазиб олиш ҳажмини анча оширди ва 2016 йилда Ўзбекистон билан бирга дунё уран қазилмаларининг 43% ни эгаллади. Уран конлари шунингдек Қирғизистон ва Тожикистонда ҳам мавжуд.

2006 йилда “Росатом” корпорацияси раҳбари С.В. Кириенко Марказий Осиёга ташрифи давомида Қозоғистон, Ўзбекистон ва Қирғизистон имкониятларини жалб этган ҳолда, ягона тоғ-кон уран компаниясини ташкил қилиш ғоясини маълум қилган эди. 2011 йилда эса, Ўзбекистонлик икки эксперт  Алексей Строков ва Владимир Парамонов Европа иттифоқи ва Россияга Ўзбекистон ва Қозоғистонда жойлашган уран қатламларига таяниб, бутун минтақанинг электр энергиясига бўлган эҳтиёжини қондириши мумкин бўлган атом электр станциясини қуриш таклифи билан чиқдилар. Уларнинг фикрича, мазкур станция нафақат Марказий Осиё, балки шунингдек, Афғонистон, Покистон ва Ҳиндистоннинг энергияга бўлган эҳтиёжини ҳам таъминлай олади.

Эҳтимол, бугунги кунда Марказий Осиё мамлакатларининг фаол иқтисодий ҳамкорлик қилиши билан бундай минтақавий кооперацияни амалга ошириш мумкин бўлар. Бироқ минтақа мамлакатларининг, гарчи катта уран заҳирасига эга бўлсаларда, мустақил равишда ўз ишлаб чиқариш бўғинларини ташкил қилиши осон бўлмайди. Уран тармоғига Россиядан ташқари Хитой ва Япония ҳам қизиқиш билдирмоқда. Хитойлик сармоядорлар Қозоғистоннинг “Казатомпром” давлат компанияси акцияларини сотиб олиш бўйича асосий номзодлардан бири ҳисобланади. Қозоғистон ушбу компанияда 25% акцияни хусусийлаштиришни режалаштирмоқда.

Total
244
Shares

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*
*