Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (ИҲТТ): Марказий Осиё иқтисодиёти рақобатбардошлигини қандай қилиб янада кучайтириш мумкин?

2018 йилнинг февраль ойи охирларида ИҲТТ (Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти) Марказий Осиё мамлакатлари рақобатбардошлиги тўғрисида кенг кўламли тадқиқотлар натижаларини эълон қилди. Тадқиқотда мустақилликнинг дастлабки ўн йилликларида Марказий Осиё иқтисодиётининг шиддатли ўсиши сабаблари, шунингдек, унинг бугунги кундаги оқибатлари – экспорт концентрациясининг ортиши, хомашё товарларига нисбатан нархларнинг ўзгариб туриши олдида ўта заифлик ҳамда меҳнат миграциясининг рағбатлантирилиши ўрганилди. Ушбу мақолада маърузанинг айрим хулосалари келтирилмоқда.

Дарҳақиқат, Марказий Осиё мамлакатларида янги мингйиллик бошидан буён ҳайратланарли юксалиш кўзга ташланмоқда. Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистоннинг 2000-2016 йиллардаги умумий ЯИМ (ялпи ички маҳсулоти) ҳар йили ўртача 6,5 фоизга ошиб борди. Ушбу кўрсаткич ҳатто 2014-2015 йилларда хомашё товарларига нархлар тушиб кетганда ҳам юқорилаб борди. Ҳисоботдаги маълумотларга кўра, меҳнат унумдорлигининг ўсиши йилига ўртача 5 фоизни ташкил қилган, қашшоқлик эса деярли икки баробарга камайган.

Хитойнинг кўмир, мис, нефть ва газга бўлган ўта юқори талаби Марказий Осиё экспортининг ўсишига сезиларли таъсир кўрсатди.

Марказий Осиёнинг барча мамлакатлари иқтисодиёти, Қирғизистондан ташқари (Қирғизистон ЯИМнинг реал ўсиши 2016 йили 2000 йилга нисбатан 197 % ташкил этди) ўртача уч маротаба ортди. Назарий жиҳатдан бундай ўсишни catch-up эффекти билан ҳам изоҳласа бўлади – ривожланаётган мамлакатлар ишлаб чиқаришда мавжуд ноу-хау ва тажрибадан ўтган технологиялардан фойдаланиб институционал ривожланишни яхшилаб олишади. Минтақадаги иқтисодий ўсишнинг энг салмоқли омилларидан бири хомашё товарларига нархлар энг юқори бўлган даврда хомашё экспортининг тез ўсишидир. 2000 йилдан 2011 йилгача бўлган даврда жаҳон бозорида олтин 463 %, кўмир 396 %, мис 386 %, нефть 268 %, табиий газ 207 фоизга ошди.

2000 йилларда Хитойнинг кўмир, мис, нефть ва табиий газга бўлган юқори талаби Марказий Осиё мамлакатлари, жумладан, Россия экспортининг ошишига ҳам жиддий таъсир кўрсатди. Россия эса, ўз навбатида, ушбу минтақадаги меҳнат мигрантларининг жуда катта қисмини қабул қилди. Бунинг натижасида Тожикистон, Ўзбекистон ва Қирғизистонда ЯИМ жон бошига ўртача икки баравар, Туркманистон ва Қозоғистонда эса – икки ярим баробар ошди, дея кўрсатилади ҳисоботда.

Хомашё товарлари концентрациясининг ошиши уларга белгиланган нархлар беқарорлигидан шок таъсирини кучайтиради

Экспорт ҳажмининг кўпайиши Ўзбекистондан ташқари деярли барча мамлакатларда кузатилади. Уларда Херфиндаль-Хиршман индекси юқори ва янада ошиб бормоқда (кўрсаткич тармоқнинг монополлашуви даражасини баҳолашда қўлланилади). Тор доирадаги товарлар концентрациясининг ошиши уларга белгиланган нархлар беқарорлигидан шок таъсирини кучайтиради, тижорий шериклар сонининг чекланганлиги эса салбий тенденциялар юкини оширади.

Марказий Осиё мамлакатлари экспорт ҳажмининг 55 фоизидан ошиғи бор-йўғи уч товар гуруҳига – нефть, табиий газ, олтин ва металл рудаларига тўғри келади. Қозоғистонда бундай концентрация энг юқори бўлиб, 66,5 %ни ташкил этади. Нефтни ишлаб чиқариш ва уни экспорт қилиш миллий иқтисодиётнинг локомотивидир (бу – жами экспортнинг 53 %ни ташкил этади), мамлакатнинг ўзи эса уни қазиб олиш бўйича жаҳонда энг етакчилардан бири саналади. Ўзбекистон ва Туркманистонда газ захиралари жуда улкан, бироқ қисман қазиб олинмоқда. Қирғизистон ва Тожикистон эса олтин захираларига эга. Қирғизистон экспортининг 50 фоизини (Тожикистонда – 17 %) олтин ташкил қилади. Тожикистон асосан алюминий экспортига таянади, унинг ялпи экспортдаги улуши 30 фоизни ташкил этади.

Аслини олганда, Қирғизистон ва Тожикистон ишчи кучи экспорти билан шуғулланмоқда

Шу билан бир қаторда, ўз мамлакатларидаги иш ҳақининг пастлиги ва ишсизлик миллионлаб одамларни Россия билан Қозоғистонга иш излаб боришга мажбур қилмоқда. 2015 йилда Россиядаги ўртача иш ҳақи Қирғизистонга нисбатан 4,5 баробар, Тожикистонга нисбатан эса 8,5 баробар юқори бўлган (Қозоғистонда эса бу кўрсаткич тегишлича 3,4 ва 6,5 баробарни ташкил этган).

Дарҳақиқат, мигрантлар жўнатаётган пул ўтказмаларининг ЯИМдаги улуши кўлами Қирғизистон ва Тожикистон аслида ишчи кучини экспорт қилаётганини кўрсатмоқда.

Меҳнат миграцияси товар ва хизматлар борасида экспорт имкониятлари паст мамлакатларга тўлов балансининг қолган қисмларидаги камчиликларни қоплаш ва ички истеъмол даражасини ушлаб туриш имконини берди. Бироқ меҳнат миграцияси мамлакат ичидаги инсон салоҳиятига акс таъсир кўрсатади. Яъни, жўнатувчи мамлакатлар иқтисодиёти “бедарак йўқолганлар” феноменига дуч келади. Хусусан, бу қишлоқ жойларда, айниқса, экин-текин даврида малакали эркак ишчи кучининг йўқлигида намоён бўлади. Қолаверса, четга асосан малакали ходимлар ҳам чиқиб кетадилар. Масалан, Тожикистонда 1991 йилдан 2005 йилгача бўлган даврда олий маълумотли ўқитувчилар сони 72 789 тадан 61 319 тага қисқарди, шу тариқа олий маълумотли ўқитувчилар сони жами 77 % дан 62 % га камайди.

Пул ўтказмалари, айниқса, табиий ресурсларга унча бой бўлмаган мамлакатлар – Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон учун жуда муҳим. 2014-2015 йилларда меҳнат мигрантларининг пул ўтказмалари Қирғизистон ЯИМнинг учдан бир қисмини ва Тожикистон ЯИМнинг 40 фоиздан ортиғини ташкил қилган, дейди ИҲТТ.

Глобал рецессия жараёнлари, Россияга қарши санкциялар қўлланилиши, миллий валюталарнинг қадрсизланиши экспорт даромадининг ўпирилиши ва пул ўтказмалари ҳажмининг пасайишига олиб келди. Евроосиё иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига аъзо Қирғизистон бу вазиятда анча имтиёзли ҳолатга эга бўлди. Қирғизистонлик мигрантларнинг пул ўтказмалари сезиларли даражада камаймади, дейилади ҳисоботда. 2014 йилда пул ўтказмалари ЯИМнинг 30 фоизини ташкил этган бўлса, 2015 йилда ушбу кўрсаткич 25,3 фоизга камайди, 2016 йилга келиб эса бу кўрсаткич яна эски ҳолига қайтди. Ўша даврларда тожикистонлик мигрантларнинг пул ўтказмалари 2014 йилда ЯИМга нисбатан 36,6 фоиздан 2015 йилда 28,8 фоизгача тушиб кетди, 2016 йилда эса бу кўрсаткич 26,9 фоизгача пасайди. Ўзбекистонда эса пул ўтказмалари ЯИМга нисбатан унча катта роль ўйнамайди (агар ҳисоботларга асосланадиган бўлсак) ва 2013 йилдан буён 11,6 фоиздан 3,7 фоизгача қисқарган. Бироқ бу миқдор Россиядан Марказий Осиёга жўнатилаётган маблағларнинг энг катта миқдорини ташкил этишини ҳам эсдан чиқармаслик лозим.

Марказий Осиё мамлакатлари рақобатбардош бўла оладиган соҳаларда қўшимча қиймат занжирларини яратишлари зарур

Дарҳақиқат, 2014 йилдаги хомашё нархларининг тушиб кетиши минтақада иқтисодий ўсишни секинлаштирди – айниқса, Қозоғистонда (1 % гача), Туркманистон ва Қирғизистонда (3,9 % гача). 2014-2015 йиллардаги глобал рецессия жараёнлари иқтисодий диверсификацияга асосланган иқтисодий ўсишнинг мустаҳкамроқ ва инклюзив моделини излаш заруратини юзага келтирди. Ишлаб чиқариш, иқтисодиёт ва экспортни юқори даражада диверсификациялаш даромаднинг, иш ўринларининг кўпайишига ва барқарор тараққиётга олиб келиши керак.

Қўшимча қиймат глобал занжирининг ривожланиши билан диверсификацияни излаган мамлакатлар бўш жойда янги саноатларни ярата олмайдилар. Марказий Осиё мамлакатлари ҚҚЗ(қўшимча қиймат занжири)да ўз рақобатбардош афзалликларини амалга ошира оладиган унсурларни топишлари лозим. Импорт ўрнини босиш сиёсати, юқори савдо тўсиқлари ҳатто Ўзбекистон учун ҳам самара бермаслигини исботлади.

Енгил савдо тўсиқларини қисқартирган ҳолда (масалан, божхона тартиб-таомилларини бекор қилиш) транспорт ва ахборот инфратузилмасининг яхшиланиши тижорий чиқимларни камайтириш ва глобал ҚҚЗ қатнашчилари учун Марказий Осиё мамлакатлари жозибадорлигини оширади ва барча иқтисодларнинг диверсификациясига хизмат қилади.

ИҲТТ ҳисоботи Марказий Осиё мамлакатлари олдида турган энг долзарб муаммолардан бири – иқтисодий йўлакларни яратиш ва траспорт бўғинларини ривожлантиришга қаратилган. Инфратузилманинг 2016 йилдан 2030 йилгача бўлган давргача сармоявий талаблари 492 млрд. АҚШ доллари даражасида баҳоланади ва харажатларни минтақа ЯИМ ҳозирги 4 % даражасидан 6 % гача кўпайтиришни назарда тутади. Марказий Осиё йўллари анча таъмирталаб. Қирғизистоннинг 60 % йўллари, Қозоғистоннинг – 54 %, Тожикистоннинг – 48 %, Ўзбекистоннинг 23 % йўлларининг на асфальт, на бетон қопламалари бор. Минтақадаги кўп мамлакатлар инфратузилма билан боғлиқ орзуларини Хитойнинг “Бир макон – бир йўл” дастури билан боғламоқда. Шуни ҳам эсдан чиқармаслик керакки, Хитойнинг ташқи қарзи шиддат билан ошиб бормоқда, айниқса, Тожикистон ва Қирғизистонда бу иккитомонлама ҳамкорликни олиб боришда айрим мажбуриятлар ва хавф-хатарларни юзага келтиради.

Интеграция мамлакат раҳбарларидан чиққан айрим ташаббус ва тартибга солувчи тўсиқлар билан чекланган

Ҳисоботда ёзилишича, минтақадаги интеграция нафақат инфратузилмавий ва транспорт муаммолари билан чекланиб қолмоқда, балки иқтисодий фаоллик пастлиги, асосий бозорларга чиқиш масофаси узоқлиги ва шунингдек, Марказий Осиё мамлакатлари раҳбарлари томонидан илгари сурилаётган бир қатор ташаббус ва тартибга солувчи тўсиқлар билан чекланиб қолмоқда.

Минтақа мамлакатларининг ташқи савдоси бир неча шериклар билан чекланган, аммо вазият Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ) аъзолари кўпайиши билан ўзгариши мумкин, бунда божхона тартиблари, сертификациялаштириш ва тарифлар уйғунлашади, савдо сиёсати эса очиқроқ бўлади. Минтақадаги аксар мамлакатлар – Мўғулистон 1997 йили, Қирғизистон 1998 йили, Тожикистон 2013 йили ва Қозоғистон 2015 йили ЖСТга аъзо бўлди. Ўзбекистон кузатувчи мақомига эга ва ишчи гуруҳ сўнгги бор 2005 йили учрашган эди. Туркманистон ҳам қўшилишга қизиқиш билдириб, 2013 йилда қўшилиш имконини таҳлил қилиш учун ҳукумат комиссиясини тузган. Қолаверса, 2001 йили Хитойнинг ва 2012 йили Россиянинг ЖСТга қўшилгани бу ташкилотга аъзо бўлиш Марказий Осиё мамлакатлари учун ҳам аҳамиятли бўлишини унутмаслик керак.

Шунга қарамай, давлат бошқаруви ва институционал ривожланиш ислоҳот учун муҳим соҳалардан бири бўлиб қолмоқда. Афсуски, улар ички танлов натижаси бўлиб қолмоқда. Хомашё секторида давлат мулкининг устунлиги нафақат минтақадаги мамлакатлар, балки бутун жаҳонга хос бўлиб, сиёсатчилар танлови, шунингдек, ички сиёсий имкониятлар ва чекловларга таъсир этиши мумкин. Институционал заифлик давлат сектори ҳисобдорлиги ва ҳукумат самарадорлигини мустаҳкамлаш учун ислоҳотларни ўтказиш зарурлигини назарда тутади. Балки хомашё секторидан ташқари янги талабларга тўғри келадиган янги институтларни ташкил қилиш зарурдир. Осиё тараққиёт банки (ОТБ) “замонавий саноат ва хизматлар иқтисодиётини” диверсификация мақсади сифатида кўради.

Марказий Осиё мамлакатларида тартибга солувчи муҳит мукаммалликдан анча йироқ. Давлат бошқаруви самарадорлиги индикатори бўйича Марказий Осиё ИҲТТ мамлакатлари ва ЕМО (Европа – Марказий Осиё) минтақаси мамлакатларидан анча орқада қолган.

Қозоғистон ҳукумати фаолият самарадорлиги ва қонун устуворлиги бўйича илгарилаб кетган бўлса, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон эса ушбу самарадорликни баҳолаш бўйича 20 фоизлик остонадан ҳам ўта олишмаган. Норасмий иқтисодиёт даражасининг баландлиги, коррупция ва коррупциявий солиқлар ишлаб чиқариш ва бизнес ривожланишига тўсиқ бўлмоқда.

Минтақадаги корхоналар умумий сонининг 90 фоизини кичик ва ўрта корхоналар ташкил қилади, аммо уларнинг ЯИМ улушлари 25 фоиздан 41 фоизгача ташкил қилади, фақатгина Ўзбекистонда ушбу кўрсаткич 55 фоизга тенг. Улар Ўзбекистонда ишчи кучининг 78 фоизидан фойдаланади, бу кўрсаткич Қозоғистонда 38 фоизни ташкил этади. Кичик ва ўрта корхоналар қўшимча қиймати паст бўлган секторларда, айниқса, қишлоқ хўжалиги ва савдода тўпланган. Шу боис уларнинг экспортдаги улуши чекланган, минтақадаги экспортнинг асосий ҳажмини йирик компаниялар томонидан экспорт қилинадиган табиий ресурслар ташкил қилади. Бундан ташқари, улар ташқи бозорларга чиқиш ҳақида гап кетганда, алоҳида тўсиқларга дуч келишади.

Жаҳон банкининг “Бизнесни юритиш” рейтинги маълумотларига кўра, Қозоғистон Марказий Осиё республикалари орасида энг яхши ўринни эгаллаб келмоқда ва 190 та мамлакат ўртасида 35-ўринни эгаллаб турибди (шунинг ўзида мамлакатда индекс кўрсаткичларига кирган ўнта компонентдан еттитаси бўйича 2016 йилда ислоҳотлар ўтказилди). Қирғизистон ва Ўзбекистон биринчи юзталикдан жой олган, Тожикистон эса қуйи поғоналардан ўрин эгаллаган.

Бизнесни юритишдаги ёмон ўринлар Марказий Осиё мамлакатларидаги асосий тартиблаштирувчи муаммолар билан белгиланган. Қирғизистон ва Тожикистонда бу электр таъминоти тизимига уланиш, кўп тартиб-таомиллар ва коррупциявий харажатлар билан боғлиқ. Қозоғистон ва Ўзбекистонда бу “халқаро савдо” билан боғлиқ бўлиб, кўп давлатларга хос муаммо ҳисобланади. Икки йил аввал ушбу компонентни ўлчаш услубига ўзгартиришлар киритилган ва денгизга чиқиш йўли бўлмаган мамлакатлар учун фойдали бўлса ҳам, экспорт ва импорт қиймати ва тартиб-таомиллари сони бўйича Қозоғистон билан Ўзбекистон ҳали-хануз 119 ва 165 ўринларни эгаллаб келишмоқда.

Диверсификация қилиш зарур, аммо аста-секинлик билан

Ҳисоботда кўрсатилишича, Марказий Осиё мамлакатлари рақобатбардошликда юқори натижаларга эришишлари учун давлат бошқаруви, ўзаро боғлиқлик ва бизнес-муҳитни яхшилашлари керак:

  • Марказий Осиё мамлакатлари нафақат давлат бошқарувида, балки иқтисодиётининг ресурсларга боғлиқ бўлган масалаларида ҳам муаммоларга дуч келишади;
  • Савдони қўллаб-қувватлаш учун глобал нархни чиқариш занжирида диверсификация ва интеграцияларни ўтказиш учун ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаш зарур; бунга чегаралараро оқимларни енгиллаштириш учун транспорт тармоқлари ва савдо сиёсатини ривожлантириш киради;
  • -Ишончли, кучли ва виждонли бизнес-муҳит тадбиркорлик ва инновацияларни ривожлантиришга, шунингдек, савдо ва инвестицияларни рағбатлантиришга имкон яратади;

Молиялаштиришга бемалол кира олиш, бизнесни байналмилаллаштириш ва кўникмалар – ислоҳотларнинг муҳим чоралари. Мақоламизнинг иккинчи қисмида ИҲТТ томонидан таклиф қилинаётган чоралар тўғрисида батафсил маълумот берамиз.


Оригинал: http://caa-network.org/archives/12672

Total
6
Shares

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*
*