Виночиликдан ким наф кўради: давлатми ё истеъмолчими

Нозик масала… ва кутилган қарор

Виночилик ва алкоголли маҳсулотлар савдоси билан шуғулланиш, уни истеъмоли қилиш хусусидаги мавзу Шарқ халқлари, айниқса мусулмон ўлкалари учун нозик масала саналади. Тарихдан маълум, бу борада давлат сиёсати ҳам ўзгарувчан. Хатто Россиядек мамлакат ҳам ўз тарихида ушбу “нозик масала” бўйича бир қатор муваффақиятли ва муваффақиятсиз ислоҳотлар ўтказган. Февраль ойининг сўнгги куни “Виночилик соҳасини ва алкоголли маҳсулотларни реализация қилишни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори эълон қилинди.

Қарор билан нималар ўзгарди? Аввал қандай эди-ю, энди қандай бўлади? Назарда тутилган ўзгаришлар давлат фойдасигами ё истеъмол бозорини ҳимоя қилишга қаратилганми?

“Бош соқий” – “Ўзшаробсаноат” АЖ бошқаруви раиси Отабек Мустафоевдан тизимда юз бераётган ўзгаришлар ва олиб борилаётган ишлар хусусида сўзлаб беришни сўрадик:

– Мамлакатда сўнгги йилларда хом ашё базасини яратиш ва ривожлантириш, сифатли ва рақобатбардош виночилик ва алкоголли маҳсулотларни реализация қилиш, экспорт салоҳиятини ошириб бориш, шунингдек, ушбу соҳага чет эл инвестицияларини жалб қилиш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилди. Шу билан бирга, тизимга оид бир қатор муаммолар ва камчиликлар соҳага алкоголли маҳсулотларни ишлаб чиқариш, қайта ишлаш ва сотишнинг илғор технологияларини жорий этиш, экспорт салоҳиятининг барқарор ўсишини таъминлаш, соҳани бошқаришнинг самарали тизимини яратиш имконини бермаётган эди. Масалан, узумнинг техник навлари майдонларининг кескин қисқариб кетиши, уларни етиштириш бўйича илғор усулларнинг суст жорий этилиши, узумзорлар ҳосилдорлигининг пастлиги, шунингдек, фермер хўжаликларининг етарлича манфаатдор бўлмаслиги виночилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажмлари пасайиб кетиши ва қайта ишлаш қувватларидан самарасиз фойдаланиш каби омилларни келтириш мумкин. Бундан ташқари, собиқ “Ўзвиносаноат-холдинг” АЖ таркибида соҳага оид бўлмаган корхона ва ташкилотларнинг мавжудлиги ортиқча молиявий харажатларга, шунингдек, уларнинг соҳадаги фаолияти самарадорлигининг камайишига олиб келаётган эди. Халқаро ҳамкорлик масаласида ҳам анча оқсалишлар кузатилди.

Шу ва бошқа омилларни эътиборга олиб, алкоголли маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва реализация қилишни тубдан такомиллаштириш, соҳани бошқаришнинг илғор технологияларини жорий этиш, хорижий инвестицияларни жалб этиш ва корхоналарнинг экспорт салоҳиятини ошириш мақсадида Президент юқоридаги қарорни имзолади. Аввало унинг таркибий тузилмаси ислоҳ қилинди. “Ўзвиносаноат-холдинг” АЖ “Ўзшаробсаноат” АЖ деб қайта номланди. Фаолияти самарасиз ва ишлаш услублари эскирган айрим тузилмалар тугатилди ҳамда соҳага оид бўлмаган бир нечта корхоналар “Ўзшаробсаноат” АЖ таркибидан чиқарилди.

Айни пайтда “Ўзшаробсаноат” акциядорлик жамияти тизимида маҳсулот ишлаб чиқариш ҳамда экспорт ҳажмини оширишга қаратилган 63 та истиқболли лойиҳа ишлаб чиқилди. Шундан 35 таси бирламчи вино ишлаб чиқариш корхоналарини реконструкция қилиш, янги қувватларни ишга тушириш ва экспортбоп маҳсулотлар тайёрлашга мўлжалланган. Бу каби янгиланишлар туфайли ҳар тонна узумдан юқори сифатли шарбат чиқишини 5-6 далга кўпайтириш, нордон, хўраки ва шампан виноларининг етилиш жараёнини 2 йилдан 1 йилга тезлаштириш имконияти пайдо бўлади. Бундан ташқари, соҳада яна 24 та лойиҳа амалга оширилади. Улар шампан винолари ҳамда алькоголли маҳсулотлар ишлаб чиқариш, қуйиш ва қайта ишлашга мўлжалланган бўлиб, жаҳоннинг энг сўнгги ускуналари билан жиҳозланади.

Маълумки, Ўзбекистон хорижлик сайёҳларни ўзига жалб қиладиган мамлакат. Сўнгги йилларда давлат сиёсатининг асосий йўналиши ҳам ушбу соҳани ривожлантиришни назарда тутади. Қарор билан яна бир муҳим жихатга эътибор қаратилди. 2018 йилнинг 1 июлидан алкоголли маҳсулотларни ишлаб чиқарувчи корхоналарга ўз виночилик маҳсулотлари туристик йўналишларида ташкил этилган заводга тегишли дегустация ҳудудларида (жойларида) чакана реализация қилиш ҳуқуқи берилди.

Ривожланган давлатлар тажрибасидан келиб чиқиб, мамлакатда аккредитациядан ўтган дипломатик ваколатхоналар, хорижий туристлар, турли мамлакатларнинг виночилик соҳаси вакиллари, эксперт ва мутахассисларни кенг жалб қилган ҳолда ҳар йили республикада вино фестивали ва Халқаро дегустация танлови ўтказилиши, маҳаллий виночилик маҳсулотларининг кўргазма-ярмаркаларини хорижий мамлакатларда мунтазам равишда ўтказилиши жорий этилмоқда.

“Ўзшаробсаноат” АЖ ишлаб чиқариш циклини такомиллаштириш, маркетинг сиёсатини кучайтириш ва алкоголли маҳсулотларни брендлаш, уларни янги сотиш бозорларига олиб чиқиш учун юқори малакали хорижий мутахассисларни жалб этиш, мавжуд виночилик базасида иккиламчи маҳсулотларни ишлаб чиқаришни (узум ёғи, озиқ-овқат бўёқлари ва бошқа турдаги маҳсулотлар) чуқур қайта ишлашни жорий этиш чоралари кўрилмоқда.

“Шато ҳовли”: сайёҳлар ва ҳамма учун

– Халқимизда алглголь маҳсулотлари, хусусан вино ичимлигини суиистеъмол қилмасдан ичиш маданияти юксалмоқда, деб бемалол айта оламиз, – дея давом этади Отабек Мустафоев. – Замонавий тиббиёт ҳам сифатли вино маҳсулотларини меъёрида истеъмол қилиш соғлиқ учун фойдали эканини исботлаган. Ўтган йили Ўзбекистон аҳолиси 1 ярим миллион деколитр вино сотиб олган бўлса, бу йил кўрсаткич 15-20 фоиз ошиши кутилмоқда. Ўзбекистон заминида етиштирилган узумдан тайёрланган вино жуда сифатли, буни хорижликлар ҳам кўп бор эътироф этишган. Сайёҳларни жалб қилиш мақсадида худди Грузия ва Францияда бўлгани каби юртимизнинг сайёҳлар кўп харакатланадиган йўналишларида “вино уйчаси – шато ҳовли”лар ташкил қилиш масаласида иш олиб бормоқдамиз. Ушбу форматдаги лойиҳа “Ўзбектуризм” қўмитаси билан ҳамкорликда ишлаб чиқиляпти. Бу хизмат кўрсатиш тармоғи асосан хусусий сектор вакилларига ишониб топширилади. “Шато ҳовли”ларда сайёҳлар ва маҳаллий ахоли сифатли вино таъмини татиб кўриш имконига эга бўлиб, мутахассислардан қайси таом билан қайси вино навини истеъмол қилиш, қанча миқдорда истеъмол қилиш каби масалаларда маслаҳатлар оладилар. Мақсад, юқорида таъкидлаганимдек, вино истеъмоли маданиятини ошириш.

Виночилик соҳасига имтиёзлар

Юқоридаги қарор билан соҳада фаолият юритувчиларга қатор имтиёзлар назарда тутилди. 2019 йилнинг 1 январидан ўз узумзор плантацияларининг хом ашёсидан ишлаб чиқарилган табиий узум виноларини қишлоқ хўжалиги маҳсулоти тоифасига киритган ҳолда, ишлаб чиқариш бўйича фаолиятни лицензиялаш бекор қилинади.

Узумнинг техник навларини ишлаб чиқарувчилар 2025 йилнинг 1 январига қадар муддатга, қишлоқ хўжалик экинларини қатор оралаб етиштиришидан қатъи назар, ер солиғини тўлашдан озод этилади.

Виночилик корхоналари Ўзбекистон Республикасида етарли ҳажмларда ишлаб чиқарилмайдиган, виночилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш учун олиб келинадиган ва фойдаланиладиган материаллар, хом ашё, ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари ва буюмлар белгиланган тартибда тасдиқланадиган рўйхат асосида олиб кирилиши учун 2025 йилнинг 1 январига қадар божхона тўловларини (божхона йиғимларидан ташқари) тўлаш мажбурияти олиб ташланди.

– 24 гектар ерим бор, шундан 17 гектарида винобоп узум етиштираман, – дейди 38 ёшли фермер Азим Деҳқонов. – Узумнинг асосан баян ширей, ракацетели, қора мускат, сапирави, қора пино навларини ўстирамиз. Яқинда банкдан 473 000 АҚШ доллари кредит олиб, ҳосилни сақлаш учун музлаткич ўрнатдим. Солиқ ва бошқа турли имтиёзлар туфайли банкдан олган қарзимни 1-2 мавсумда ёпишни мўлжаллаб турибман.

Бугунги аҳволдан Президент норози

Президент Шавкат Мирзиёев август ойида виночилик соҳасини ривожлантириш, алкоголли маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва экспорт қилишни кенгайтириш масалаларига бағишланган йиғилиш ҳам ўтказди. Йиғилишда Президент йил бошида ўзи томонидан имзоланган қарорнинг ижроси бўйича мутасаддилардан ҳисобот сўради.

Савол-жавобларда келтирган рақамларга эътибор беринг, 2018 йилнинг биринчи ярмида мамлакат саноати 11 фоизга ўсган ҳолда, шаробсаноат тармоғидаги ўсиш бор-йўғи 0,9 фоизни ташкил этган. Ароқ ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш даражаси 71 фоиз, вино – 57 фоиз, спирт – 76 фоиз, шампан виноси – 7 фоизни ташкил этган. Оқибатда биринчи ярим йилликда ишлаб чиқариш прогнозлари бажарилмаган.

Яна бир жиҳат – ривожланган мамлакатларда алкоголь маҳсулотлари ишлаб чиқариш таркибида вино улуши 75-80 фоизни ташкил этади. Ўзбекистонда виночилик эътибордан четда қолиб кетган, узум виноси ишлаб чиқариш сўнгги 10 йилда 2,5-3 баробар камайган. Бирламчи вино ишлаб чиқариш корхоналари хомашё камлиги сабабли мавжуд қувватлардан атиги 15 фоиз фойдаланмоқда. Виноматериал тайёрловчи корхоналарнинг атиги 25 фоизи модернизация қилинган.

Айнан шу боис виночиликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилиб, 2021 йилгача “Ўзшаробсаноат” тармоғидаги узумзорларни 20 минг гектарга етказиш режалаштирилмоқда.

Ш.Мирзиёев томонидан ушбу вазифаларни амалга ошириш, винобоп узумзорлар ва замонавий питомниклар ташкил этиш, ароқ заводларининг лицензия шартларига маълум майдонда узумзорлар барпо этиш ва тайёр вино маҳсулотлари ишлаб чиқариш талабини киритиш масалалари муҳокама қилинди. Узумчилик ва узумни қайта ишлашни кескин ривожлантириш, алкоголь маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватларини модернизациялаш ва янги қувватлар ташкил этишга қаратилган 5 йиллик дастур ишлаб чиқиш бўйича топшириқлар берди.

Қардошларда қандай? Озарбайжон

Вино иши соҳасида Ўзбекистон билан Озарбайжоннинг ўзхашлик томонлари кўп. Узум навлари винобоп, ерлар ҳосилдор, ахолининг аксарият қисми мусулмон…. Бу ерда ҳам ҳудди Ўзбекистондаги каби виочилик соҳасига ҳукумат даражасида эътибор берилади.

Озарбайжон вино ишлаб чиқарувчилари ва экспортчилари Уюшмаси раиси Элчин Мадатовнинг таъкидлашича, мамлакатда вино ишлаб чиқариш ҳажми ўтган йилга нисбатан 50 фоизга ортиши мумкин. Ўтган йили мамлакат корхоналарида 5 миллион шиша вино ва унинг муқобил маҳсулотлари ишлаб чиқарилган. Унинг сўзларига кўра, жорий йилнинг биринчи ярмида хорижга 3,3 миллион шиша маҳсулот экспорт қилинган.

Бу холга изоҳ берар экан, озарбайжонлик журналист Акшин Рафикоглу қуйидагиларни айтади: “Бугун мамлакат вино ишлаб чиқарувчилари экспорт кўламини ошириб, Марказий Осиё ва Болтиқбўйи бозорларига кириб боришни ҳам режалаштиришган. Мазкур бозорларда шу пайтгача Озарбайжон маҳсулотлари кенг тақдим қилинмаган. Билишмча, ҳозир Рига ва Актау шаҳарларида савдо уйларини очиш ишлари олиб бориляпти”.

Айни пайтда

“Ўзшаробсаноат” акциядорлик жамияти тизимида 80 дан ортиқ бирламчи вино, 60 та тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш корхоналари фаолият кўрсатяпти. Уларнинг самарали иш юритиши юқори сифатли хом ашё билан барқарор таъминланганлик даражасига боғлиқ. Бироқ соҳа мутахассисларининг айтишича, статистик маълумотларда республикамизда қарийб 100 минг гектар, шундан 15,9 минг гектари техник токзорлар мавжудлиги келтирилса-да, амалда ҳосилдор, қайта ишлашга яроқли узум берадиганлари жуда кам.

Айни шу жиҳат кейинги пайтларда виночилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмлари пасайиб кетиши, қайта ишлаш қувватларидан самарасиз фойдаланишига сабаб бўлаётган эди. Жорий мавсумда шу каби салбий ҳолатларни бартараф этиш мақсадида токзорларнинг навлар бўйича реал карталарини шакллантириш чора-тадбирлари кўрилмоқда.

– Маҳсулотларимизга, айниқса виноларга Россия, Латвия, Хитой, Қирғизистон, Тожикистон давлатларида талаб юқори, – дейди “Тошкентвино” комбинати Янгийўл заводининг сифат бўйича директлори Динара Қосимхўжаева. – Авваллари қуввати юқори маҳсулотларга талаб катта эди. Истеъмол маданияти ошиб бораётгани сабабли бўлса керак, бугун винонинг бошқа турларига ҳам талаб ортди. Виноларимиз табиий маҳсулотлардан тайёрланаётгани учун даволаш хусусиятига ҳам эга. Комбинатимизда ишлаб чиқариш ҳажмлари тобора ортиб боряпти, демак бунга талаб бор. Айни пайтда бир ойда 300 минг шиша (0,7 литр) вино экспорт қилаётган бўлсак, яқин келажакда 1 миллион донага етказишни режалаштирганмиз.

Соҳа учун кадрлар тайёрланади

2018/2019 ўқув йилидан бошлаб Тошкент кимё-технология институтида виночилик соҳаси учун олий малакали кадрларни тайёрловчи факультет иш бошлайди.

Касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари, олий таълим муассасалари талабалари виночилик соҳасида мутахассислик йўналишлари бўйича амалиётни тизимли асосда бевосита ишлаб чиқариш ва ўзга корхоналарда, шу жумладан “Ўзшаробсаноат” АЖда ўтайдилар.

Бундан ташқари, компания маблағлари ҳисобидан Тошкент кимё-технология институти ҳузурида Виночилик соҳасида мутахассисларнинг малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш маркази ташкил этилади

Тарихга назар

Ўзбекистон узумчилик ва виношунослик бўйича жуда қадимий минтақа ҳисобланиб, унинг тарихи мелоддан аввалги 11-минг йилликларга бориб тақалади. Бу борада юнон тарихчиси Эфор (м.а. 405-330 й.й.), Мирзо Улуғбекнинг “Тўрт улус тарихи”, Абулғозийнинг “Шажараи турк”, эрамиздан олдинги VII асрда ёзилган Оссурия ёзма манбаларида (турк олими И. Дурмуш) вино маҳсулотларини май, вино, буза, чоғур, мусаллас каби номлар билан аталиши ҳақида маълумотлар келтиришган. Бундан ташқари Умар Ҳайёмнинг “Наврўзнома” асарида узумнинг келиб чиқиши, яъни ватани Афғонистон мамлакатининг Ҳирот шаҳри эканлиги алоҳида қайд этилган.

Қадим замонлардан буён (эрамиздан аввалги 11-минг йилликлар) Яқин Шарқ ва Ўрта Осиёда узум етиштиришган ва вино тайёрлашган. Бу винони “Хома” яъни “сиқиб олинган” деб аташган. Бу тўғрисида эрамиздан аввалги 128 йилда Хитойлик сайёҳ Чжан Цян Фарғонада бўлганлиги ва ўз императорига совға қилиб олиб кетган мусаллас ҳамда узум уруғини ўз кундалигида ёзиб қолдирган.

Винодан ажратиб олинган спирт эса “Ал-Кегол” деб юритилган. Бу араб тилида “энг ажойиб” деган маънони билдиради. Ушбу маълумотни Испан қиролидан Буюк Соҳибқирон ҳузурига элчи бўлиб келган Руи Гонсалис де Клавихо (1403-1406 йиллар) Соҳибқирон ҳузурида Чоғур ичгани ва бу чоғур “Ал-Кегол” деб юритилишини билдирган.

Total
4
Shares

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*
*