Юлий Юсупов ислоҳотлар ва давр чақириқлари ҳақида

Нималар қилинди?

Ҳокимият тепасига янги президент келиши билан улкан ўзгаришлар юз берди. Энг аввало, жамиятда очиқлик кучайди. Ҳукумат жамият билан мулоқот қилишни, уни тинглашни ўрганди. Авваллари бундай эмас эди. Ҳукумат ўз билганича яшар, жамиятда юз бераётган воқеалар ҳақида умуман билмас, жамият ҳам ҳукуматга ҳеч қандай таъсир ўтказа олмас эди.

Ҳозир аҳвол бутунлай ўзгарди. Бу ҳали жамият ва ҳокимият ўртасидаги ўзаро ҳамкорликнинг барча механизмлари тўлиқ йўлга қўйилган демократик давлат дегани эмас, албатта. Бунга эришиш учун ҳали узоқ вақт керак бўлади. Лекин жамият энди ўз фикри, нуқтаи назарини баён қилиш имконига эга бўлди, ҳукумат эса ижтимоий фикрга қулоқ тута бошлади.

Бу – дастлабки катта ўзгариш. Иккинчи муҳим ўзгариш – ташқи дунёга, айниқса, қўшни давлатларга нисбатан очиқликнинг пайдо бўлгани. Чунки аввал улар билан муносабатимиз у қадар яхши эмас эди. Бу ҳатто чегара ҳудудларини миналаштириш, ёпиш, виза режимини жорий этиш каби жараёнларда намоён бўлди. Ҳозир виза режими тўлиқ бартараф этилмаган бўлса-да, ўта соддалаштирилди.

Бугун Президент ҳукумати қўшни мамлакатлар билан дўстона муносабатлар ўрнатиш учун максимал даражада очиқ. Айниқса, Қирғизистон ва Тожикистон билан чегараларнинг очилиши қувонарли ҳол бўлди. Зеро, мазкур аҳоли пунктлари ва чегара олди туманларда истиқомат қиладиган аҳоли ўртасида ҳамиша яқин маданий-иқтисодий алоқалар бўлган.

Мамлакат иқтисодиётидаги ўзгаришлар энг катта янгиликлардан бири бўлди. Энг муҳими, валюта бозори либераллашди. Чунки узоқ вақтдан бери валютанинг эркин конвертацияси бўлмаганди. Ҳозир корхоналар импорт операцияларини амалга ошириш учун бемалол валюта харид қилиш имконига эгадирлар. Буни муҳим дейишимнинг сабаби шуки, иқтисодиётнинг эски модели бутунлай конвертациянинг йўқлигига боғланган эди. Бу эски моделнинг ўзаги эди. Мана шу асос олиб ташлангач, эски андаза ўз-ўзидан қулай бошлади, янги ислоҳотларга йўл очилди.

Иқтисодиёт соҳасидаги биринчи ўзгариш валютанинг либераллашуви бўлса, иккинчи энг муҳим янгилик пул муомаласидаги ислоҳотлардир. Бу муаммо маълум даражада конвертациянинг йўқлигига боғлиқ эди. Масалан, бир йил олдин мамлакатда бир неча миллий валюта турлари мавжуд эди.

Агар дўкондан маълум бир маҳсулот, масалан, компьютер харид қилмоқчи бўлсангиз, сизга бир вақтнинг ўзида унинг доллардаги, нақд пулдаги, пластик карточкадаги, пул ўтказиш усулидаги бир нечта нархини айтишарди. Яъни, битта маҳсулотнинг турли қийматлари бўлган. Ва бу нархлар ўртасидаги фарқ ҳам жуда катта эди, яъни бир нечта миллий валюта турлари мавжуд эди.

Замонавий иқтисодиёт нуқтаи назаридан қараганда, бу бемаъниликдан ўзга нарса эмас. Ҳозир нарх-навонинг нақд пул ва нақд пулсиз шаклидаги фарқи имкон қадар қисқартирилган. Бунинг устида ҳали ишлаш керак, лекин ушбу масала ҳам конвертация муаммоси сингари сезиларли даражада ҳал этилди. Конвертация муаммоси эса 99 фоизга ҳал этилди, деб айтиш мумкин.

Иқтисодиётдаги навбатдаги ўзгариш банк ислоҳотларидир. Авваллари тижорат банкларимиз ўз фаолиятида Марказий банкнинг фақат маъмурий иши билан чекланиб қолган эди. Бундай бошқарув услубининг бозор иқтисодиёти асосидаги мамлакатларнинг марказий банклари фаолиятига ҳеч қандай алоқаси йўқ. Улар ҳам тижорат банкларини назорат қилади, бироқ бу назорат бутунлай бошқача тарзда амалга оширилади. Бу ерда Марказий банк процент ставкалари, ҳатто банк ходимлари маошини ҳам бошқарарди. Тижорат банклари фақат шундай номланар, аслида эса улар тижорий эмасди.

Ҳозир Марказий банк тизимдаги миллионлаб йўриқномаларни қайта кўриб чиқиб, аста-секин банк тизимини тижоратлаштираяпти, тижорат банкларига кўпроқ эркинлик бераяпти. Бу соҳада ҳам ҳали бажарилиши керак бўлган вазифалар кўп, лекин шундай бўлса-да, тижорат банклари ўз фаолиятини мижозларга қарата бошлади ва айтиш мумкинки, бу ишда ижобий ўзгаришлар кўзга ташланмоқда.

Шунингдек, мижозлар илгари тижорат банклари солиқларидан ҳам кўп азият чекарди. Бироқ бу бошқача айтилади, аслида солиқлар амалга ошириладиган ҳар қандай ҳаракат учун тўланадиган тўловдир. Масалан, сиз банкдан шахсий пулингиз, дивидентларингизни нақд пул кўринишида олмоқчи бўлсангиз, банкка расмий солиқ тўлашингиз керак бўларди. Мен ҳали норасмий тўлов ҳақида гапирганим йўқ. Олдин банкка бу дивидентлардан ҳам кўпроқ солиқ тўланарди. Ҳозир эса буларнинг бари ортда қолди.

Кейинги ўзгариш – ташқи иқтисодий фаолиятнинг либераллашуви бўлди. Экспорт ва импорт олдидаги турли маъмурий тўсиқлар бартараф этилмоқда. 2019 йил 1 январдан бошлаб деярли барча маҳсулотларга қўйиладиган божхона тўловларини камайтириш кўзда тутилган. Бундай катта қисқартириш натижасида миллий иқтисодиётимиз эркин савдо учун янада очиқ бўлади.

Иқтисодиётдаги тўртинчи ўзгариш солиқ ислоҳотларига тегишли. Менимча, солиқ ислоҳотлари долзарблиги нуқтаи назаридан валюта бозори либераллашувидан кейин иккинчи ўринда туради. Чунки бизнинг солиқ тизимимиз самарасиз бўлиб, у иқтисодиётнинг ривожланишига имкон бермайди.

Жорий йилнинг июнь ойида солиқ ислоҳоти концепцияси қабул қилинди, 1 январдан бошлаб эса бу борада сезиларли ўзгаришлар юз бермоқда: иқтисодиётда умумий солиқ юки қисқартирилмоқда, солиқ тизимидаги кўплаб тўсиқлар бартараф этилиб, солиқ маъмурчилиги соддалаштирилаяпти. Солиқ имтиёзларини бартараф этиш ва тугатиш комиссияси иш олиб бораётгани сабабли ҳам барча янгиликлар ҳали тўлиқ маълум эмас.

Солиқ имтиёзларининг асосий қисми ўтмишда қолади ва декабрь ойига қадар янги таҳрирдаги солиқ кодекси яратилади. Агарда биз ундаги солиқ ислоҳотининг янги тамойилларини амалга татбиқ этадиган бўлсак, бу Ўзбекистон иқтисодиётини ўзгартиришда муҳим қадамлардан бўлиши шубҳасиз.

Маъмурий ислоҳотлар амалга оширилиши ҳам кўзда тутилган. Бу ҳам муҳим ислоҳотлардан биридир. Чунки давлатимизни, ижро ҳокимияти ва унинг иш услублари, вазифаларини ўзгартирмасдан, самарали натижага эришолмаймиз. Менимча, ўтган йили қабул қилинган маъмурий ислоҳотлар концепциясини кўриб чиқадиган бўлсак, унда ҳамма нарса тўғри ёзилган, мақсадлар аниқ.

Айни пайтда, унда ислоҳотларни амалга ошириш механизми кўрсатилмаган. Мақсад бор, лекин уни рўёбга чиқариш услуби баён этилмаган. Ҳали буларни аниқлаш ва маъмурий ислоҳотлар билан шуғулланиш лозим. Ўйлашимча, бу 2018-2019 йиллардаги устувор вазифалардан биридир.

Яна бир муҳим соҳа – аграр соҳадаги ислоҳотларнинг амалга оширилишини жуда истардим.

Бу борада ҳали ислоҳотларни аниқ белгилаш ва уларни амалга оширишни бошлаш керак бўлади.

Агар яна нималар қилиш керак, деган савол туғилса, ҳали бюджет ислоҳотлари, давлат мулки ва давлат корхоналарини бошқариш ислоҳотлари, ижтимоий соҳалар (таълим, соғлиқни сақлаш), пенсия, табиий монополиялар ислоҳотлари ва бошқа ислоҳотларни амалга ошириш керак. Биз иқтисодиётнинг бир моделидан, тамоман бошқа моделига ўтаяпмиз, улар бир-биридан фарқ қилади. Бу ислоҳотларни амалга оширишни бошлаганимизга ҳам икки йил вақт ўтди, ҳали олдинда бизни катта ўзгаришлар кутмоқда.

Минтақавий савдо ҳақида


Минтақа доирасида ўзига хос кооперация алоқаларини яратиш мумкин.


Ҳатто иқтисодиётимиз ёпиқ йилларда ҳам Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги минтақавий савдо ривожланган эди. Чунки бу объектив жараёндир. Бизнинг географик жойлашувимиз қулай, транспорт харажатларимиз кам, бизда меҳнат тақсимоти, ихтисослашуви ва кооперация асосида ҳамкорлик қилиш, бутун минтақага хизмат кўрсатадиган йирик корхоналар очиш имкониятлари кўп.

Бу катта миқёсдаги иқтисодиёт деганидир. Яъни бешта мамлакатда кичик миқёсга ва кичик бозорга эга бешта корхонанинг бўлиши бир гап, бутун минтақада бир ёки икки корхонанинг ишлаши бошқа гап. У миқёси жиҳатдан ҳам минтақани таъминлай олади, сарф-харажатлар ҳам камаяди, бу эса арзон нархлар ва юқори сифат деганидир.

Биз минтақа ичида меҳнат тақсимотига шароит яратишда қатнашиш орқали самарадорликка эришишимиз мумкин. Бу – биринчидан.

Иккинчидан, кооперация имкониятларининг мавжудлиги. Минтақа доирасида ўзига хос кооперация алоқаларини яратиш мумкин. Масалан, бир-икки корхона атрофида кўплаб кичик корхоналар бирлашиб, юқори қўшимча қийматли маҳсулот яратиладиган кластер кооперацияси. Аслида, замонавий рақобатбардош ишлаб чиқаришларнинг аксарияти кластерлардир.

Битта корхона хомашёдан тортиб, тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган барча жараённи қамраб ололмайди. Ҳатто у йирик корхона бўлса-да, бошқа операцияларнинг маълум бир қисмини бажаришни ўз зиммасига олади. У майда корхоналар билан ишлаш учун буюртма беради, яъни йирик ва кичик бизнес ўртасида кооперация алоқаси вужудга келади. Ана шунда, бир-биримизга яқинлигимиз туфайли, чегаралар очиқ ҳамда маҳсулотлар, капитал ва инсонларнинг эркин ҳаракатланишида ҳеч қандай тўсиқлар бўлмаса, бу каби бирлашувлар катта самара беради.

Шунингдек, франчайзинг сингари бошқа бир кооперация шакли ҳам бор. Бунда ҳали ёш ва тажрибасиз тадбиркор бизнеснинг тайёр андазасидан фойдаланади. Бугунги кунда франчайзинг бўйича жуда кўплаб савдо тармоқлари, оммавий овқатланиш корхоналари иш юритмоқда. Франчайзингнинг энг машҳур кўриниши “Макдональдс” бўлиб, бунда сиз лицензия олиб, “Макдональдс” тамаддихонасини очасиз ва ўз навбатида, “Макдональдс” сизга нима қилиш, қандай сотиш, бозорда ўзингизни қандай тутишни ўргатади.

Бундан ташқари, яна шуни эътиборга олиш керакки, агар биз чегараларимизни очсак, хорижий сармоядорларга янада жозибадорроқ кўринамиз. Хорижий инвесторлар катта бозорларга чиқишдан манфаатдор. Бир-биридан ажралган бешта давлатнинг ҳар бирига алоҳида кириш, корхона ёки камида савдо агенти, ваколатхона очиш – бир масала. Бунинг ягона иқтисодий маконда бўлиши эса – бошқа масала. Бунда, масалан, бутун минтақа учун ишлайдиган йирик қўшма корхона тузиш мумкин. Агар чегараларимиз очиқ бўлса, бу жозибадорлик ҳам ўз-ўзидан ортади.

Биз, шунингдек, ташқи бозорларга чиқиш учун ҳам бирлашишимиз мумкин. “Фарғона водийси мева-сабзавотлар” каби бирон бир бренд яратиш бўйича мамлакатимизда тадбиркорларга кенг имкониятлар яратилган. Ҳозирча бундай бренд яратилмаган бўлса-да, қуруқ мева-сабзавотларни ишлаб чиқариш бўйича тадбиркорлар кооперацияси мавжуд.

Масалан, Тожикистондаги Исфара шаҳрига қуруқ мева ишлаб чиқариш учун хомашё Фарғона водийси, Қирғизистон, Ўзбекистон ва табиийки, Тожикистондан келтирилади. Бу ўзига хос тажриба амалиётда кузатилади. Бу кооперация алоқасидан барча мамлакатлар фойда олади.

ЖСТ га аъзо бўлиш хусусида

Дунё харитасига қарайдиган бўлсак, баъзи экзотик мамлакатлардан ташқари деярли барча давлатларнинг Жаҳон савдо ташкилотига қўшилгани маълум бўлади. Нима учун улар бу ташкилотга киришади? Чунки ЖСТ – мамлакатларнинг бир-бири билан савдо қилиши мумкин бўлган тартиб-қоидалар тизимидир. Агар сиз ташкилот аъзоси бўлмасангиз, сиз билан савдо юритиш хавфли, чунки сиз қоидаларга бўйсунмайсиз, бу ҳолда, сиз билан қандай ҳамкорлик қилиш мумкин? Бу, шунингдек, инвестицияларга ҳам салбий таъсир кўрсатади. ЖСТ мамлакатлар ўртасидаги савдо қоидаларини бирхиллаштиришга, ягона савдо маконини яратишга, савдодаги ортиқча тўсиқларни бартараф этишга йўл очади.

ЖСТ мураккаб масалаларни тартибга солиш механизмини яратишга имкон беради, бу эса ташкилотнинг барча аъзолари учун фойдалидир. Масалан, Трамп маълум бир маҳсулотга нисбатан солиқларни кўтарди, ЕИ бу борада тегишли инстанцияларга шикоят қилади. Агар ҳақиқатан ҳам Америка қоидани бузган бўлса, у жазоланади, яъни ҳеч қайси давлатнинг ўзи имзолаган қоидани бузишига ҳаққи йўқ. Биз фақат халқаро савдонинг бир неча ўн йиллар олдин яратилган маданий қоидалари тизимига қўшилаяпмиз, холос. Ташкилотга аъзоликнинг афзаллиги шундан иборат.

Давр чақириқлари ҳақида


Мана шу кадрлар етишмовчилиги, ягона жамоанинг мавжуд эмаслиги сабабли ҳам яхлит ислоҳотлар тизими йўқ.


Оқсоқликлар кўп. Чунки бизда ислоҳотлар, уларни амалга ошириш тажрибаси, қолаверса, ушбу ислоҳотларни амалиётга татбиқ этадиган малакали кадрлар, яхлит жамоа йўқ. Масалан, кадрлар танқислигини олайлик. Бу энг жиддий муаммолардан саналади. Яъни бир вақтда кўплаб соҳаларда ислоҳотлар олиб бориш мумкин, бироқ керакли кадрлар йўқ.

Бир гуруҳ одамларни йиғиш мумкин, лекин улар бир вақтда ўнта ислоҳот ўтказа олмайди. Бу гуруҳ битта тармоқни танлайди, дастлаб ислоҳотларни режалаштиради ва уни амалга оширади, сўнгра бошқа тармоққа ўтади. Бироқ бизга 10-20 талаб ана шундай жамоа керак бўлади, бизда эса бундай инсонларнинг ўзи йўқ. Чунки кўп йил давомида ташаббускор инсонлар давлат тузилмасидан чиқиб кетди ва бу ерда фақат итоаткор ижрочиларгина қолди.

Давлат хизматида ишлаш малакали кадрлар учун нуфузли ҳисобланмай қолди. Ахир ким юксак сиёсий мавқега эришишни ёки пора олишни хоҳларди? Бу ердаги ойлик маошлар паст, ўз салоҳиятни намойиш этиш учун кўп вақт талаб этиларди. Шу боис ҳам, кўпчилик истиқболли ёшлар хорижга чиқиб кетиб, хусусий бизнес билан шуғуллана бошлади. Хусусий бизнес ёмон эмас, албатта. Ёмони – уларнинг мамлакатни тарк этиб, ўз йўлларини топишгани, ўз ғояларини амалга оширишганидир. Айтганча, уларнинг кўпчилиги ҳозир қайтиб келмоқда.

Мана шу кадрлар етишмовчилиги, ягона жамоанинг мавжуд эмаслиги сабабли ҳам яхлит ислоҳотлар тизими йўқ. Ислоҳотларни амалга оширадиган инсон, ягона қарашнинг ўзи йўқ. Шу боис ҳам ислоҳотлар баъзан тизимсиз, маълум даражада тасодифий хусусиятга эга. Аслида, бу ерда мантиқ бор, чунки у холисдир. Яъни биз валюта бозорини либераллаштирдик, чегараларимизни очаяпмиз, бироқ шу ерда маҳаллий маҳсулотларимизнинг рақобатбардош эмаслиги маълум бўлди. Чегараларда узун навбатлар пайдо бўлиб, Қозоғистондан маҳсулот олиб келишмоқда. Ҳатто маҳаллий маҳсулотларимиз ҳам ўзимиздан кўра Қозоғистонда арзон сотилаяпти. Одамлар юртимизда бу маҳсулотларни қиммат нархда сотиб олишдан қўрқиб, уни Қозоғистондан харид қилиб келишмоқда. Бу бизнинг солиқ тизимимиз, божхона тўловлари тизимимизнинг яроқсизлигини, маҳсулотларимизни қимматлаштираётганини билдиради.

Валюта бозорини либераллаштириб, давлат чегараларини очганимиздан сўнг, ўз-ўзидан солиқ ва божхона ислоҳотларини амалга ошириш ҳам муқаррар бўлади, яъни ҳукумат хоҳлайдими-йўқми, барибир бу билан шуғулланишига тўғри келади. Аввалбошдан қандай ислоҳотлар кераклигини билиб, бирваракайига ўнта жамоани ўнта ислоҳотга жалб қилиш кераклигини билиб, булар бир занжирга тизилганда, яхши бўларди, албатта. Бироқ шундай жамоанинг ўзи ҳам, занжир тушунчаси ҳам йўқ.

Масалан, Хитойни оладиган бўлсак, 1979 йилда ислоҳотларни бошлаган Дэн Сяопин ҳеч қандай иқтисодчи бўлмаган. У бутун умрини партизанлик урушларида ўтказган коммунист эди. У шунчаки соғлом фикрдан келиб чиқиб қарор қабул қилган. У ва унинг жамоаси бозор иқтисодиётини қурмоқчи бўлган капиталист эмас эди. Улар оқилона қарорлар қабул қилишган, холос. Улар фақат соғлом ақлга асосланган ҳолда, бозор иқтисодиётини барпо этишди. Яъни шундай ҳаракат қилса ҳам бўлади. Ҳаммасини олдиндан тўғри режалаштириб, қуриб, тез амалга оширилса, яхши бўларди, албатта. Бироқ амалиётда ҳамиша ҳам бундай бўлайвермайди. Амалиётда балки Ден Сяопиннинг йўлидан бориш керак бўлар…

Солиқ тизими ислоҳотлари ҳақида


Яъни кичик корхоналар мана шундай солиқ тизими туфайли самарали ишлаб чиқаришлар ташкил қила олмайди, йирик корхонага айлана олмайди


Менимча, солиқ ислоҳотлари долзарблиги бўйича валюта бозорини либераллаштиришдан кейин иккинчи ўринни эгаллайди. Улар солиқ сиёсатидаги энг муҳим муммолар билан боғлиқдир. Биринчи муаммо, бизда асосан солиқ солишнинг икки тури мавжуд: умум ўрнатилган ва соддалаштирилган. Солиқ солишнинг биринчи тури умумий деб аталса-да, унда корхоналар сонининг ҳаммаси бўлиб 3-4 фоизи ишлайди, қолганлари оддий солиқ солишга киради. Нима учун? Чунки мана шу режимлар ўртасида солиқ юки бўйича катта узилиш бор. Яъни сиз соддадан умумий режимга ўтадиган бўлсангиз, сиз ёллашингиз мумкин бўлган мезонга кўра, 100 нафар ишчи бўлса, уларнинг сони 101 нафарга етиши билан кичик корхонангиз йирик корхонага айланади. Демак, бундан буён сиз умумий ўрнатилган солиқ тўлашингиз лозим бўлади. Фақат битта қўшимча ишчи ёллашингиз билан солиқ юкингиз 3-5 баравар ошади.

Бу ҳамманинг майда бўлакларга бўлинишга, даромадни, даромадни бўлмаса, ишчилар сонини беркитган ҳолда, умумий режимдан қочишга мажбур қилади. Кичик корхоналар жисмонан ривожлана олмайди. 100-200 нафар кишини яшириш мумкин. Лекин сиздаги ишлаб чиқариш 1000 кишининг ишлашини талаб этса, сиз буни беркитолмайсиз-ку, ахир. Сиз катта цех, заводни яшириб, солиқчиларга “йўқ, у кичкина” дея олмайсиз-ку. Яъни кичик корхоналар мана шундай солиқ тизими туфайли самарали ишлаб чиқаришлар ташкил қила олмайди, йирик корхонага айлана олмайди. Бу тараққиётимизни тўхтатиб турган омиллардан биридир.

Бу муаммони ҳал этиш учун нима қилмоқ керак? Бу борада чора-тадбирлар қабул қилинди ва қабул қилинмоқда. Солиқ концепциясида йирик бизнесда солиқ юкини кескин қисқартириш кўзда тутилган. Яъни 1 январдан бошлаб йирик корхоналар камроқ солиқ тўлайди. Бунга қўшимча равишда, уларда солиқ маъмурчилиги ҳам соддалаштирилади. Шунга кўра, кичик корхоналар ҳам умумий солиқ солиш режимига ўтиши мумкин. Шу тарзда биз биринчи муаммони ҳал этамиз.

Иккинчи муаммо шундан иборатки, бизда тушум солиғи катта. Тушум солиғи нима? Бу даромад солиғи, фойда солиғи, ҳатто қўшимча қиймат солиғи ҳам эмас, бу бутун пул айланмаси солиғидир. Сизнинг ҳисобингизга миллион келиб тушди. Фойда ҳам, ойлик маош ҳам, электр энергия нархи ҳам шунга киради – мана шунинг ҳаммаси миллион. Сиз мана шу миллиондан солиқ тўлайсиз, бунда сиз умумий ва оддий режимда солиқ тўлайсиз. Ана шу пул айланмаси солиғи ҳисобланади.

Тушум солиғидан сиз қўшимча қиймат яратиш занжирини қуролмайсиз. Масалан, биринчи корхонага 5 фоиз бўлса-да, миллион тушум солиғи солинди. Иккинчи корхона буни хомашё сифатида харид қилди ва бу миллион иккинчи корхона томонидан тузилган икки миллионга киради. Мана шу икки миллионга яна солиқ юкланади, яъни бир марта миллион солиққа тортилди, иккинчи ва учинчи марта.

Битта нарх солиққа тортилади, натижада занжир қанча узун бўлса, солиқ солиш ҳам шунча катта бўлади. Замонавий, рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқариш учун эса кўплаб мана шундай занжирлар керак бўлади. Бизда шундай занжир яратиладиган бўлса, якуний маҳсулот қиймати бўйича олтинга тенг бўлади, чунки икки, уч баравар солиқ қўшиб борилади. Шу боис ҳам, бутун дунё тушум солиқларидан деярли воз кечди, улар фақат катта истиснолар кўринишидагина мавжуд. Бизда эса бутун иқтисодиёт маълум даражада тушум солиғига боғланган.

Солиқ ислоҳоти концепциясида йирик корхоналар учун мана шу тушум солиғи умуман олиб ташланиши кўзда тутилган.

Ягона солиқ тўлови – тушум тўлови бўлиб, кичик корхоналар учун айланма йилига 1 миллиард сўм мезони киритилгани ҳисобга олинса, бу тахминан йилига 120 минг АҚШ доллари бўлади. Кимда бундан кўп бўлса, у ўтган йил якунига кўра умумий режимга ўтиши лозим бўлади. Бу тахминан 20 фоиз кичик корхоналардир. Бироқ мана шу 20 фоиз корхонага 80 фоиз кичик корхоналар тушуми тўғри келади. Яъни улар кичик корхона эмас, умумий режимдан қочган ўрта ва йирик корхоналардир. Ана ўшанда бу кичик корхоналар умумий режимга ўтади ва тушум солиғини тўлайди, яъни иқтисодиётнинг маълум қисми мазкур тушум солиғи таъсиридан қутулади.

Қаранг, бизда ишлаб чиқариш ҳозир қандай ривожланяпти. Асосий ишлаб чиқариш саноатининг икки тоифасини назарда тутяпман. Биринчиси – хомашёни қайта ишлаш (пахтадан ип тайёрлаш), иккинчиси – бутловчи қисмларни тўплашдир.

Бизда йирик корхоналар кўп солиқ тўлайди, яъни ҳар икки томондан ҳам солиқ сиёсати бизнинг рақобатбардошлигимизни ўлдираяпти. Тушум солиғини қисман бекор қилишимиз, корхонани қисман оддий режимдан умумий режимга олиб чиқишимиз туфайли иккинчи муаммони ҳам маълум даражада ҳал қилган бўламиз.

Учинчи муаммо, меҳнат учун юқори солиқларнинг мавжудлиги, яъни корхона ўз ишчи ходимига бир миллион сўм тўлаш учун (бу тахминан 120 АҚШ доллари), яна 600 000 сўм, яъни 60% балки бундан ҳам кўпроғини давлатга бериши лозим. Бу жуда катта меҳнат солиғидир. Бундай солиқлар фақат Европада тўланади. Бироқ Европа аҳолиси бой ва улар бундай солиқларни тўлаш имконига эгалар. Мана шу иқтисодиётнинг маълум даражада қоронғуликда эканини кўрсатади.

Меҳнат солиқлари камайтирилмоқда, меҳнат солиқлари умумий режимда ўртача бир, икки баравар, соддалаштирилган режимда бир ярим баравар камайтирилмоқда, бу жуда катта қисқаришдир.

Бунга қўшимча равишда, солиқлар сони ҳам қисқармоқда, солиқ солиш қоидалари, яъни солиқ маъмурчилиги соддалаштириляпти. Шу боис солиқ ислоҳоти туфайли иқтисодиётнинг маълум бир қисми хуфёна фаолиятини тўхтатади, деган умиддаман. Шунингдек, бу ривожланиш учун ҳам туртки бўлади. Илгари даромаднинг кўп қисмини солиққа тўлаш керак бўлгани учун бизнес яхши ривожланмаган бўлса, энди корхоналар кўплаб солиқлардан озод этилади. Бу эса бизнесга иқтисодиётга янада кўпроқ инвестиция киритиш учун кўпроқ маблағ ажратишга қўшимча рағбат ва имкон яратади.

Total
17
Shares

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*
*