Меҳнат миграцияси, география ва диверсификация. Уларнинг ўзаро боғлиқлиги қандай?

Деярли ҳар бешинчи “иқтисодий фаол” ўзбекистонлик меҳнат мухожири ҳисобланади. Мигрантларнинг 80-85 фоизи Россияда ишлашади. Натижада, мухожирлардан Ўзбекистонга юборилаётган пул ўтказмаларининг асосий оқими фақат битта мамлакатдан юборилмоқда. Пул ўтказмаларининг фақат битта давлатга боғлиқ бўлиши қандай хавфларни пайдо қилади ва нима учун меҳнат миграциясининг географиясини кенгайтириш керак? Бу ҳақда UzAnalytics’нинг таҳлилий материалида ўқишингиз мумкин.

Ўзбекистон фуқароларининг қарийб 2,6 миллион нафари меҳнат мигранти сифатида доимо хорижда бўлади, уларнинг 80-85 фоизи Россияда ишлашади. Ушбу маълумотларни бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Шерзод Қудбиев жорий йилнинг январ ойида берган “Бизнес лабораторияси” интервьюсида маълум қилган эди.

Агарда иқтисодий фаол аҳоли сони 14,6 млн нафар киши деб ҳисобланадиган бўлса, меҳнатга лаёқатли ёшдаги тахминан ҳар бешинчи ўзбекистонлик меҳнат мухожири ҳисобланади, ҳар еттинчи “иқтисодий фаол” фуқаро эса Россия Федерациясида ишлайди.

Ўзбекистоннинг меҳнат мигрантлари нима учун Россияни кўпроқ танлашади?

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг фикрича, бунга икки омил – Россия Федерацияси билан визасиз режимнинг мавжудлиги ва тил тўсиқларининг йўқлиги ёрдам беради. Мазкур омиллардан ташқари, яна Россия меҳнат бозори ҳам муҳим роль ўйнайди. Бу ўзбекистонликлар учун энг яқин ва энг катта меҳнат бозори ҳисобланади.

Россияга бориш қийинчилик туғдирмайди. Тўғридан-тўғри ташкил этилган авиақатновлар Ўзбекистоннинг деярли барча вилоят марказларини Россиянинг йирик шаҳарлари билан боғлайди. Бундан ташқари, Тошкентдан Россия шаҳарларига қатнайдиган автобус ва темир йўл йўналишлари ҳам бор.

Бундан кўриниб турибди-ки, меҳнат мигрантлари пул ўтказмаларининг асосий қисми фақат битта мамлакатдан қабул қилинмоқда. Марказий банк берган маълумотларга кўра, 2018 йилнинг 9 ойи мобайнида Ўзбекистонга хориждан умумий ҳажмда $3,8 млрд АҚШ доллари миқдорида пул ўтказмалари амалга оширилган.

Ушбу маблағнинг 77 фоизи Россия Федерациясидан юборилган. Маблағнинг аксарият қисми — меҳнат мигрантларининг ўз оилаларига юборган пул ўтказмаларидир.

Меҳнат мухожирларининг пул ўтказмалари мамлакат иқтисодиётида қандай роль ўйнайди?

Бу саволга жавоб бериш учун аввал қуйидаги икки кўрсаткични таққослаб кўрамиз. 2018 йилнинг 9 ойи мобайнида Ўзбекистон умумий ҳажмда 9,5 млрд АҚШ долларилик товар ва хизматларни четга экспорт қилган. Ана шу вақтда Ўзбекистонга хориждан юборилган пул ўтказмаларининг умумий миқдори 3,8 млрд АҚШ долларини ташкил этган. Уларнинг аксарият қисмини меҳнат мигрантларининг пул ўтказмалари ташкил этади.

Рақамларга қараб меҳнат мухожирларининг пул ўтказмалари мамлакат иқтисодиётида нечоғлик муҳим роль ўйнашини билса бўлади.

Давлат статистика қўмитасининг 2018 йилда аҳолининг жами даромадлари тўғрисидаги ҳисоботида пул ўтказмаларининг аҳоли жами даромадларида қандай роль ўйнашига доир маълумотлар келтирилган. Унга кўра, аҳоли жами даромадларининг 23,5 фоизини пул ўтказмалари ташкил этган, уларнинг 61,3 фоизи бошқа давлатлардан юборилган пул ўтказмаларидир. Шундай қилиб, аҳоли жами даромадларининг 14,4 фоизи ташқи меҳнат мигрантлари юбораётган пул ўтказмалари ҳисобига тўғри келмоқда.

Ҳукуматнинг экспорт ҳажмини ошириш ва мамлакатда иш ўринларини яратиш бўйича амалга ошираётган саъй-ҳаракатларига қарамай, меҳнат мухожирларидан республикага келаётган валюта ҳали ҳамон мамлакат умумий валюта тушумида салмоқли улушни ташкил этмоқда.

2018 йилда Ўзбекистон аҳолиси қарийб 600 минг нафар кишига кўпайган ва 33,2 млн нафарга етган. Сўнгги 5 йил ичида республика аҳолиси сони йилига ўртача 540 минг кишига ортган. Аҳолининг бундай ўсиш суръати ва ҳозирги ишсизлик даражасида яқин келажакда республиканинг меҳнатга лаёқатли бўлган барча аҳолисини иш билан таъминлаш эҳтимоли жуда кам.

Бу — меҳнат мигрантлари юборадиган пул ўтказмаларининг роли мамлакат иқтисодиётида ана шундай салмоқлигича қолади, деганидир.

Нима учун пул ўтказмаларини мамлакатлар бўйича кенгайтириш зарур?

Меҳнат мухожирлари юбораётган пул ўтказмаларининг ҳозирги ҳолати Ўзбекистон иқтисодиётини Россия миграция сиёсати ва иқтисодий ҳолатидаги ўзгаришларга боғликлигини кўрсатмоқда.

Бугунги кунда Россия миграция қонунчилиги анча кескинлашмоқда. Бироқ кўп йиллар давомида меҳнат мигрантлари у ердаги ўзгаришларга мослашишни ўргандилар.

Миграция қонунчилиги янада кескинлашса ёки янги иқтисодий инқироз, масалан, Россия Федерациясига нисбатан янги халқаро санкциялар жорий қилингудек бўлса, Ўзбекистон иқтисодиётига пул ўтказмалари ҳажмининг анча камайиши хавфи юқори бўлади.

Янги санкцияларга келадилан бўлсак, февраль ойининг ўрталарида АҚШнинг беш нафар сенатори “Америка хавфсизлигини Кремль тажовузкорлигидан ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун” номли қонун лойиҳасини тақдим этди (Defending American Security from Kremlin Aggression Act – DASKA).

Ушбу ҳужжат Россияга нисбатан иқтисодий, сиёсий ва дипломатик босимни кучайтиришни назарда тутади. Мазкур ҳужжат қабул қилингудек бўлса, у мамлакат иқтисодиётида салбий оқибатларни келтириб чиқариши аниқ. Ушбу санкциялар иқтисодий ҳолатга қандай ва қай даражада таъсир кўрсатади, деган савол ўртага ташланади. Ҳозирча буни баҳолаш анча қийин.

Шу боис, меҳнат мигрантларининг пул ўтказмаларини мамлакатлар бўйича кенгайтириш зарур. Бошқача айтганда, меҳнат миграцияси географиясини босқичма-босқич ўзгартириш демакдир.

Ўзбекистон Шавкат Мирзиёев президентлиги даврида меҳнат миграциясига нисбатан ўз муносабатини тубдан ўзгартирди ва мухожирларнинг мамлакат иқтисодиётидаги ҳиссасини эътироф этди. Шундан кейин мамлакат раҳбарияти томонидан меҳнат мигрантларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган қатор ҳужжатлар қабул қилинди.

Бу борада махсус тузилма – Меҳнат ва бандлик вазирлиги ҳузурида Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ташкил этилди. Россиянинг кўплаб шаҳарларида Ўзбекистон консулликлари ва мазкур Агентликнинг филиаллари очилмоқда. Албатта, Ўзбекистон учун Россия меҳнат бозори муҳим саналади. Ушбу бозорда ўз ўрнини эгаллаш ва ўз меҳнат мигрантларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш — республика аҳолисининг бугунги ўсиш суръатида зарур қадамлардан саналади. Бироқ мазкур Агентликнинг асосий вазифаси фақат ўз ваколатхоналарини очиш ва меҳнат мигрантларининг асосий қисми бўлган жойда ҳозир бўлиш билан чекланиб қолмаслиги керак. Бизнингча, янги йўналишлар очиш ва миграция каналларини бошқа мамлакатлар, айниқса, ривожланган мамлакатлар бўйича кенгайтириш ушбу махсус идоранинг асосий ва стратегик вазифаларидан бири бўлмоғи керак.

Агентлик миграция оқимини керакли ўзанга йўналтириши лозим. Бир неча ўн кишини Болгарияга юборишга ўхшаш мисоллар жуда кам.

Тўғри, бир ёки икки йилда меҳнат миграцияси географиясини ўзгартириб бўлмайди, бироқ бу борада мунтазам равишда ҳаракат қилинса, мамлакатга юборилаётган пул ўтказмалари оқимини йил сайин кенгайтирса бўлади.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*
*