Биз “Buyuk kelajak” кенгаши экспертлари билан интервьюлар туркумини эълон қилишда давом этамиз. Доимгидек, улар Ўзбекистоннинг келажагини қандай тасаввур қилишлари ҳақида ўртоқлашадилар. uzanalytics.com саволларига корпоратив ижтимоий масъулият ва барқарор ривожланиш бўйича мутахассис, “Buyuk kelajak” кенгаши эксперти Малика Шарипова жавоб беради.

Малика ШАРИПОВА –  1982 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. Буюк Британиянинг Астон (Aston Business School ) бизнес мактабида Ижтимоий масъулият ва барқарор ривожланиш йўналишида магистрлик дипломини олган. Ундан сўнг Франциядаги Кедж (Kedge Business School) Бизнес мактабини менежмент йўналишида магистратурани тугаллаган. Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг халқаро муносабатлар йўналиши битирувчиси . Тошкентдаги Халқаро Вестминстер Университетида дарс берган.

Айни пайтда Бельгияда корпоратив ижтимоий масъулият ва барқарор ривожланиш бўйича мутахассис, “NewLinks Global” консалтинги хамкори, “Buyuk kelajak” кенгаши эксперти.

– Ўзбекистондан ташқарида тўплаган тажрибангиз ҳақида гапириб берсангиз. Четда нималарни ўргандингиз? Ўзбекистонда эҳтимол ўргана олмаслигингиз мумкин бўлган энг асосий нарса нима бўлди?

– Чет эллардаги тажрибам, албатта, қандай давлатда бўлганимга боғлиқ. Масалан, ривожланган давлатларда бир қатор янгиликларни кузатган бўлсам, энди ривожланаётган давлатлардаги янгилик билан бирга камчиликлардан ҳам сабоқ бўлувчи томонларини ўрганганман.

Биласизми, инсон учун доимий изланишда бўлиш жуда муҳим ҳисобланади. Шоиримиз, марҳум Абдулла Ориповнинг “Тилла балиқча” шеъридаги балиқча каби аҳволга тушиб қолмаслик учун ўйлайманки, ҳар бир инсон имкон даражасида албатта, бошқа юртларда бўлиши, у ердаги паст баландликларни кўриши ва янгиликларни алоҳида эътибор билан кузатиб, дунёқарашларини кенгайтиришга ҳаракат қилиши, тинимсиз илм олиши ва шахс сифатида доимий ривожланишни ўзига мақсад қилиши лозим. Бу нарса инсон дунёқарашини кенгайтиради, кўп нарсаларга умуман ўзгача бир назар солишга ўргатади. Менда ҳам худди шундай бўлган. Покистон, Буюк Британия, Франция, Белгия ва бошқа Европа давлатларида ўқиш ва фаолият олиб бориш давомида шахс сифатида мени шаклланишимга ва ҳарактеримдаги бир қатор ўзгаришлар бўлишига таъсир этган омиллар жуда кўп бўлган.

Тажрибаларим орасида энг салмоқлиси албатта, бу менинг Европа университетларида олган сабоқларим ва илм-кўникмаларимдир. Бунда Ўзбекистонда маъсулиятли тадбиркорлик ва барқарор ривожланишни йўлга қўйиш мақсадида айнан шу йўналишларда олган билимим, Европадаги Корпоратив Ижтимоий Маъсулият (КИМ) принципларини муваффаққиятли равишда амалга ошираётган илғор ташкилот ва компаниялардан олган сабоқларимни алоҳида таъкидлаб ўтсам бўлади.

– Нима деб ўйлайсиз, миграция ўзбекларга таъсир кўрсатдими? Уларни дунёнинг глобаллашган фуқаролари деб айтиш мумкинми ёки халқ орасида ҳали ҳам урф-одат ва анъаналар кучлилик қиладими?

– Миграциядаги ўзбекларнинг аксариятини мени фикримча дунёнинг глобаллашган фуқаролари деб атаб бўлмайди. Чунки анъанавий, маданий ва тарихий қадриятларимизни сақлаб қолиш ва давом эттириш кўпчилик ўзбек оилаларида мавжуд. Мен шахсан бу қадриятларимизни сақлаб қолиш жуда муҳим деб ҳисоблайман. Бизнинг фарзандларимиз, ўз тарихини билмайдиган, ўзлигини танимайдиган бир манқуртларга айланмасликлари лозим. Ўзбекона ўзлигимизни сақлаб қолиш жуда муҳим, биз улуғ бир халқнинг, бой тарихи бор миллатнинг авлодларимиз, аммо, шуни ҳам айтиб ўтиш жоизки, баъзи анъаналардан воз кечиш, уларни бутунлай йўқотиш ҳам зарур. Бир қатор урф-одат ва анъаналаримиз умуман инсон ҳуқуқлари концепциясига, мустақил фикр юритиш принципларига зид.

Менинг фикримча, чет юртларда кўп йиллардан бери яшаётган ўзбеклар ва маҳаллий ўзбекларни бирлаштириш жуда яхши ижобий бир натижага олиб келиши мумкин. Чунки бунда дунёвий ва очиқликка асосланган фикрлар миллий бир қадриятларга уйғунлашиб, фарзандларимизни дунёвий илмларга интилувчи, жаҳон талабларига жавоб бера олувчи, илғор фикрларни ўзида ташувчи ва айни пайтда ўзбек эканлигидан ғурурланувчи бир фуқаролар бўлиб етишишларига асос бўлиши мумкин.

– Бугун Ўзбекистонда қандай ижобий ўзгаришларни кўряпсиз? Нималарни тузатиш керак деб ўйлайсиз?

– Шу икки йил мобайнида бир қатор ислоҳотлар амалга оширилди, мамлакатимиз дунёга очилди, қўшниларимиз билан муносабатларимиз яхшиланди, жаҳондаги имиджимиз ҳам яхшиланяпти. Бу ривожланиш жараёнлари бундан кейин ҳам шу суръатда давом этади ва режалаштирилган ислоҳотларимизни тез орада самарали амалга оширамиз деган умиддаман.

Шу билан биргаликда албатта камчиликлар ёки такомиллаштириш зарур бўлган нарсалар ҳам бор ва бу тамомила табиийдир. Ана шу камчиликларни тузатиш, дунё тажрибасидан сабоқ олиб, ислоҳотларни янада кучлироқ, самаралироқ қилиш учун ҳаракат қилишимиз лозим. Дейлик ҳозирги таълим ва соғлиқни сақлаш тизимимиз. Фикримча уни тубдан ўзгартириш, дунё талабларига жавоб бера олувчи таълим тизимини яратиш, соғлиқни сақлашда ҳаммага тенг равишда сифатли тиббий ёрдамни етказа билишимиз келажагимиз учун кучли асос бўлади. Мавжуд догматик стигмалардан воз кечиб, илғор қарашларни олға суришимиз, хато қилиш ва янгиликлардан чўчимаслигимиз лозим.

– Мамлакатда инсон капитали сифатига қандай баҳо берасиз? У қайси тармоқларда сақланиб қолган, қайсиларида эса йўқ? Инсон капитали сифатини қандай кўтариш мумкин?

– Инсон капитали бўйича яқинда Буюк Келажак форумида маъруза билан чиқдим. У ерда бир қатор ҳозирда ўлкамизда мавжуд муаммоларни кўрсатиб, уларни қандай ечиш мумкинлиги ҳақида гапириб ўтдим. Бунда дунёда мавжуд трендлар ҳақида алоҳида тўхталиб ўтдим. Масалан, саноат ривожланишининг автоматлаштириш ва рақамли технологияларга ўтиши; иш ҳақидаги мавжуд тушунчаларни ўзгарганлиги (яъни ойлик маошли ишчилар ўрнига маълум бир вазифани бажаришга ёлланган фрилансерлар, контракт асосида ишлайдиганлар, программистларнинг кўпайиб бораётгани); таълим тизимида эрталабдан кечгача аудиторияда ўтириб ўқиш услубидан воз кечишимиз, онлайн ўқитиш тизимларини йўлга қўйишимизнинг муҳимлиги, ёши катталарнинг ҳам таълим олишига тўсқинлик қилувчи омилларни бартараф этиб, уларга керакли шароитлар яратиш муҳимлиги (чунки инсон капиталини ошириш деганда фақат ёшлар кўз олдимизга келмаслиги зарур).

Глобал технологик ва ижтимоий трендлар Ўзбекистондаги инсон капиталига жиддий таъсир кўрсатади, жамиятни, таълим бериш ва меҳнат тарзини тубдан ўзгартириб юборади. Технология ходимлар ишининг самарадорлигини оширади, лекин ишчи кучи малакасига талабнинг доимий равишда ошиб бориши ва бу холатнинг ўзгарувчанлиги жамият ва корхоналар олдига бу вазиятга мувофиқ стратегияларни ишлаб чиқиш вазифасини қўяди.

Қисқа қилиб айтганда, олдимизга улкан мақсадлар қўйишимиз, аниқ режа асосида тизимли ишлашимиз, дунёдаги трендларни олдиндан кўра билиб, бошқалардан олдинроқ ва тезроқ ҳаракат қилишимиз лозим бўлади. Бундай шароитда асосий куч, эътибор ва сармояни инсон капиталини ривожлантиришга сарфламасак, замондан ортда қолиб, барча соҳаларни ортга тортамиз.

– Сизнингча, Ўзбекистонни ривожлантирадиган устувор тармоқлар қайси? Мамлакат газ, пахта ва олтиндан ташқари нимани четга экспорт қилиши мумкин?

– Тарихдан маълум, бизнинг юртимиздан дунёга машҳур олимлар, ўта қобилиятли тадқиқодчилар чиққан, уларнинг асарлари ва қолдирган тажрибаларига таяниб, бугунги кўплаб илмларга асос солинган. Менга қўйиб берса, мен Ўзбекистонни келажакда хом ашё эмас, балки ақлий ресурсларни экспорт қилувчи мамлакат сифатида кўришни истардим.

Албатта мамлакатимизда саноат ва ишлаб чиқаришнинг ўрни катта, аммо бу ерда ҳам ҳозирда мавжуд саноатни ислоҳ этиб, уни узлуксиз иқтисодиётга ўтказиш ва айнан ана шу каби экологик тоза ва барқарор маҳсулотларни экспорт қилиш бўйича илғор бир мамлакат бўлишимизни истар эдим.

– Экспатриантлар ва чет элдаги жамиятлар мамлакатни ривожлантириш учун қандай ёрдам бера олишлари мумкин?

– Хорижда яшовчи ва фаолият олиб борувчи экспатриатларимизнинг мамлакатимиз ривожидаги ўринлари катта бўлиши мумкин. Улар маълум билим ва кўникмаларга, жаҳон тажрибасига асосланган тажрибага эга бўлган қимматли қадрлардир. Биз ана шундай экпертларимиздан фойдаланишимиз, улар орттирган билимларни ўзимизда ҳам тадбиқ этиб, ҳозирда амалга ошираётган ислоҳотларимизни янада самаралироқ қилишга ҳаракат қилишимиз муҳим. Биласиз Буюк Келажак ташкилоти доирасида бир қатор экспатларимиз аллақачон ўзларининг ҳиссаларини қўшишни бошлаганлар. Бугунги кунда бундай экспертларимиз сони 270 тага етди ва баҳамжихат Ўзбекистон 2035 стратегияси устида иш олиб боряптилар.

Албатта, ҳамма экспатларимиз ҳам эксперт ёки бирон бир соҳа муттахассислари эмас, аммо улар ҳам Ўзбекистон ривожига ҳисса қўшишлари мумкин, масалан улар юртимизга келадиган туристлар сонини кўпайтиришга, ўзлари фаолият олиб бораётган соҳа бўйича ҳамкорликларни йўлга қўйишга ёки ўша ердан туриб, моддий ёрдам кўрсата билишлари мумкин.

Total
59
Shares

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*
*